Янгиликлар

not found

Мия учун энг хавфли бўлган семириш тури маълум қилинди

Инсон танасидаги ёғнинг нафақат миқдори, балки унинг қаерда тўпланиши ҳам мия ҳолатига ва ақлий қобилиятга (фикрлашга) таъсир кўрсатади. Буюк Британия биобанкининг 18 мингдан зиёд катта ёшли кўнгиллилари маълумотларини ўрганиб чиққан олимлар шундай хулосага келишди. Тадқиқот натижалари Nature Mental Health (NMH) журналида чоп этилган. Одатда семириш даражасини баҳолаш учун тана вазни индексидан (ТВИ) фойдаланилади, бироқ бу кўрсаткич ёғ тўқималарининг тана бўйлаб қандай тақсимланганини кўрсатиб беролмайди. Ваҳоланки, тананинг турли қисмларидаги ёғ саломатликка турлича таъсир қилиши мумкин. Гонконг политехника университети олимлари айни шу мақсадда ўтказган тадқиқотда ўртача ёши 62 ёш атрофида бўлган 18 мингдан ортиқ инсон иштирок этди. Олимлар махсус рентген аппарати ёрдамида иштирокчиларнинг қўллари, оёқлари, гавдаси ва қорин бўшлиғидаги ички аъзолар атрофида тўпланган ёғ — яъни висцерал ёғ миқдорини ўлчашди. Шундан сўнг, қатнашчилар миянинг МРТ текширувидан ўтишди ҳамда хотира, маълумотни қайта ишлаш тезлиги ва фикрлаш қобилиятини баҳоловчи қатор тестларни топширишди.Таҳлиллар шуни кўрсатдики, турли хил ёғ тўпланиши миядаги турлича ўзгаришлар билан боғлиқ экан. Улар орасида энг хавфлиси висцерал ёғ бўлиб чиқди. Айнан у миянинг оқ моддаси — яъни асаб тизимининг турли бўлимлари ўртасида сигнал узатишни таъминловчи асаб толалари тармоғининг ёмонлашишига кучли таъсир кўрсатган. Танасида висцерал ёғ миқдори кўп бўлган одамларда асаб толалари зичлигининг камайиши, мия тўқималарида суюқлик тўпланиши ва уларнинг фаолияти бузилиши аломатлари аниқланди.Шунингдек, тадқиқотчилар нейрон тармоқларининг қариш даражасини кўрсатувчи «мия ёши»ни ҳам ҳисоблаб чиқишди. Маълум бўлишича, ортиқча ёғнинг ақлий қобилиятни сусайтиришига айнан миянинг муддатидан олдин тез қариши асосий сабаб бўлар экан. Ўтказилган барча тестларда хотира ва фикрлашга энг катта салбий таъсирни яна ўша — висцерал ёғ кўрсатди.Олимларнинг таъкидлашича, бу маълумотлар ёш ўтиши билан мия фаолияти ёмонлашиши хавфини баҳолашда муҳим ҳисобланади.

  • 9 Июнь, 09:10
  • Батафсил
not found

Сунъий интеллект ёрдамида яратилган дунёдаги илк вакцина келажакда пандемияларнинг олдини олиши мумкин

University of Cambridge тадқиқотчилар жамоасининг таъкидлашича, бу вакцина таркибидаги асосий компонент тўлиқ сунъий интеллект ёрдамида ишлаб чиқилган ва кейинчалик инсонларда синовдан ўтказилган илк ҳолатдир. Вакцина барча коронавирус турларига қарши курашиш учун яратилган бўлиб, у COVID-19нинг барча вариантларини, шунингдек ҳайвонлар орасида тарқалаётган ва келажакда янги касалликлар авж олишига сабаб бўлиши мумкин бўлган вирусларни ҳам қамраб олади, деб хабар берди Kazinform. Лойиҳа ҳозирча дастлабки босқичда бўлса-да, жамоа аллақачон грипп ва Эболага қарши кураша оладиган алоҳида вакциналарни ишлаб чиқяпти. Олимларнинг тушунтиришича, вирусларнинг мутaцияга учраш қобилияти сабабли вакциналар тезда эскириб қолиши мумкин. Шунинг учун COVID-19 ва мавсумий гриппга қарши вакциналарни мунтазам янгилаб бориш талаб этилади. Янги ёндашувнинг мақсади — фақат мавжуд штаммларга эмас, балки келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган вирусларга қарши ҳам ҳимоя яратиш орқали олдиндан чора кўришдир. Одатда вакциналар вируснинг мавжуд штамми асосида ишлаб чиқилади. Ушбу тадқиқотда эса олимлар эпидемиологик кузатув дастурлари доирасида аниқланган кўплаб коронавирусларнинг генетик маълумотларини тўпладилар. Бу генетик кодлар сунъий интеллект томонидан таҳлил этилди. Шундан сўнг сунъий интеллект вакцинанинг энг муҳим таркибий қисми ҳисобланган «суперантиген»ни ишлаб чиқди. У иммун тизимини шундай ўргатадики, натижада организм вируслар бутун оиласига қарши ҳимоя ҳосил қила олади — ҳатто улар мутaцияга учраса ёки янги инфекция ҳайвонлардан инсонларга юқса ҳам.

  • 8 Июнь, 17:30
  • Батафсил
not found

Дори воситаларининг ножўя таъсирлари ҳақидаги хабарлар қандай тартибда ўрганилади?

Дори воситаларининг фармакологик назорати ва тиббий жиҳозларнинг хавфсизлиги мониторингини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомга кўра, дори воситасини қўллаш жараёнида ножўя таъсир кузатилса, бу ҳолат ваколатли орган томонидан ўрганиб чиқилади. Инсон ҳаётига хавф туғдирган ёки ўлим билан боғлиқ ҳолатлар 30 кун ичида, бошқа ҳолатлар эса 60 кун ичида таҳлил қилинади. Текширув давомида мутахассислар: - келиб тушган хабарларни рўйхатга олади ва текширади; - ножўя таъсир ҳақидаги маълумотларни махсус базаларга киритади; - ушбу ҳолат аввал ҳам кузатилган ёки йўқлигини аниқлайди; - шифохоналар, дорихоналар ва дори ишлаб чиқарувчилардан қўшимча маълумотлар олади; - зарур ҳолларда дори намуналарини лабораторияда текширади; - халқаро илмий манбалар ва маълумотлар базаларини ўрганади; - ножўя таъсир дори воситаси билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигини баҳолайди. Ўрганиш якунлари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади: - Агар ножўя таъсир енгил бўлиб, дори йўриқномасида кўрсатилган ва инсон соғлиғи учун жиддий хавф туғдирмаса, дори воситаси фармакологик назорат доирасида кузатувда қолдирилади. - Агар ножўя таъсир билан дори воситаси ўртасида боғлиқлик аниқланса, уни қўллаш бўйича йўриқномага ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш тавсия этилади. - Агар хавфни камайтириш имкони бўлса, дори воситасининг хавфсизлигини янада чуқурроқ ўрганиш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказиш тавсия қилинади. - Агар дори воситасининг хавфсизлиги ёки самарадорлиги бўйича жиддий муаммолар аниқланса, унинг муомалада бўлиши чекланиши, вақтинча тўхтатилиши ёки бозордан чиқарилиши мумкин. Бу тартиб аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфсиз дори воситаларидан фойдаланишни таъминлашга қаратилган.

  • 5 Июнь, 09:00
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech