09:00 (05.06.2026)
15
Дори воситаларининг фармакологик назорати ва тиббий жиҳозларнинг хавфсизлиги мониторингини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомга кўра, дори воситасини қўллаш жараёнида ножўя таъсир кузатилса, бу ҳолат ваколатли орган томонидан ўрганиб чиқилади.
Инсон ҳаётига хавф туғдирган ёки ўлим билан боғлиқ ҳолатлар 30 кун ичида, бошқа ҳолатлар эса 60 кун ичида таҳлил қилинади.
Текширув давомида мутахассислар:
- келиб тушган хабарларни рўйхатга олади ва текширади;
- ножўя таъсир ҳақидаги маълумотларни махсус базаларга киритади;
- ушбу ҳолат аввал ҳам кузатилган ёки йўқлигини аниқлайди;
- шифохоналар, дорихоналар ва дори ишлаб чиқарувчилардан қўшимча маълумотлар олади;
- зарур ҳолларда дори намуналарини лабораторияда текширади;
- халқаро илмий манбалар ва маълумотлар базаларини ўрганади;
- ножўя таъсир дори воситаси билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигини баҳолайди.
Ўрганиш якунлари бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
- Агар ножўя таъсир енгил бўлиб, дори йўриқномасида кўрсатилган ва инсон соғлиғи учун жиддий хавф туғдирмаса, дори воситаси фармакологик назорат доирасида кузатувда қолдирилади.
- Агар ножўя таъсир билан дори воситаси ўртасида боғлиқлик аниқланса, уни қўллаш бўйича йўриқномага ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш тавсия этилади.
- Агар хавфни камайтириш имкони бўлса, дори воситасининг хавфсизлигини янада чуқурроқ ўрганиш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказиш тавсия қилинади.
- Агар дори воситасининг хавфсизлиги ёки самарадорлиги бўйича жиддий муаммолар аниқланса, унинг муомалада бўлиши чекланиши, вақтинча тўхтатилиши ёки бозордан чиқарилиши мумкин.
Бу тартиб аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфсиз дори воситаларидан фойдаланишни таъминлашга қаратилган.