10:00 (24.08.2026)
76
Жаҳон соғлиқни сақлаш тизимида умумий тиббий хизматлар қамровини ҳеч бўлмаганда ўртача даражага етказиш учун тахминан 34,4 миллион нафар шифокор, ҳамшира, акушер, стоматолог ва фармацевт етишмайди.
Бу ҳақда The Lancet Public Health журналида чоп этилган тадқиқотда маълум қилинган. 1990 йилдан буён дунёда тиббиёт ходимлари сони мутлақ кўрсаткичларда деярли уч баробар ошганига қарамай, ҳозир ҳам 34,4 миллион нафар тиббий мутахассисга эҳтиёж мавжуд.
Мутахассисларга бўлган энг юқори эҳтиёж Жанубий Осиёнинг айрим ҳудудлари ҳамда Жанубий Африкада сақланиб қолмоқда. Тадқиқот муаллифларининг фикрича, ушбу минтақаларда тиббиёт ходимлари сони ҳануз дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Тадқиқot Global Burden of Disease 2023 (Касалликларнинг глобал юки тадқиқоти) маълумотларига асосланган бўлиб, унда 1990 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда 204 та мамлакат ва ҳудуддаги 20 тоифадаги тиббиёт ходимлари — шифокорлар, ҳамширалар, акушерлар, фармацевтлар, стоматологлар ва жамоат саломатлиги соҳаси мутахассислари бўйича жинс кесимидаги маълумотлар илк бор келтирилган.
Ушбу маълумотларга кўра, 2023 йилда дунёда 122,1 миллион нафар тиббиёт ходими фаолият юритган. Улар орасида:
Тиббиёт ходимларининг ҳар ўн нафаридан етти нафари аёллар ҳисобланади. Ҳамширалар орасида аёлларнинг улуши 80,7 фоиз, акушерлар орасида эса 96 фоизга етган.
Шу билан бирга, шифокорлар орасида аёллар улуши 50 фоиздан кам бўлган.
Стоматология ва фармацевтика соҳаларида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилади — аёллар олий маълумотли мутахассислардан кўра кўпроқ ассистент сифатида фаолият юритган.
Бу ҳолат тиббиётда кадрлар сони билан бир қаторда касбий имкониятлар ва меҳнатга ҳақ тўлашдаги гендер тафовутлари масаласи ҳам долзарб эканини кўрсатади.
Тадқиқотда дунё аҳолиси учун тиббий хизматларнинг самарали умумий қамрови индексини 100 баллдан 80 баллга етказиш учун зарур бўлган қўшимча кадрлар ҳам ҳисобланган. Бунинг учун яна:
23,9 млн нафар ҳамшира ва акушер,
7,1 млн нафар шифокор,
1,8 млн нафар стоматолог,
1,6 млн нафар фармацевт керак бўлади.
Қўшимча эҳтиёжнинг учдан биридан кўпроғи Жанубий Осиё минтақаси ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳудудда 2,6 миллион нафар шифокор ҳамда 10 миллион нафар ҳамшира ва акушерга эҳтиёж мавжуд.
Демак, етишмовчиликнинг энг катта қисми ҳамширалар ва акушерлар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса замонавий тиббиётда нафақат шифокорлар, балки ўрта тиббиёт ходимлари ва бошқа мутахассисларни тайёрлашга ҳам катта эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.