14:00 (27.08.2026)
68
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллик тантанаси — халқимизнинг истиқлол йилларида босиб ўтган шарафли йўли, фидокорона меҳнати, улкан иродаси ва бунёдкорлик салоҳиятини намоён этадиган улуғ айёмдир.
Бугун Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган, мамлакатимиз иқтисодий қудратини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, жамият ҳаётидаги ислоҳотларни самарали амалга ошириш йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг фидойилиги юксак қадрланмоқда.
Ана шундай шарафли эътирофдан “Дори-Дармон” акциядорлик компаниясининг бир қатор фидойи, жонкуяр раҳбар ва ходимлари ҳам баҳраманд бўлди. Улар мамлакатимиз тараққиёти, фармацевтика соҳасининг ривожи ва аҳоли саломатлигини таъминлаш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати, масъулияти ва касбига садоқати учун “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.
Компанияда ушбу юксак мукофотларни ўз эгаларига топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Маросимда мукофотланган ходимларга самимий табриклар билдирилиб, уларнинг меҳнати ва компания ривожига қўшаётган муносиб ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. Ушбу юксак мукофот — нафақат эътироф, балки меҳнатга, садоқатга ва фидойиликка берилган юксак баҳодир.
“Дори-Дармон” акциядорлик компанияси жамоаси мукофотланган ҳамкасбларимизни самимий табриклайди ва уларга мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик, касбий фаолиятида янги ютуқлар ва улкан зафарлар тилайди!
Мустақиллигимиз абадий, юртимиз тинч, халқимиз фаровон бўлсин! Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги эзгу ишларимиз янада баракали ва самарали бўлсин!