09:10 (09.06.2026)

132

Мия учун энг хавфли бўлган семириш тури маълум қилинди

Инсон танасидаги ёғнинг нафақат миқдори, балки унинг қаерда тўпланиши ҳам мия ҳолатига ва ақлий қобилиятга (фикрлашга) таъсир кўрсатади. Буюк Британия биобанкининг 18 мингдан зиёд катта ёшли кўнгиллилари маълумотларини ўрганиб чиққан олимлар шундай хулосага келишди.

Тадқиқот натижалари Nature Mental Health (NMH) журналида чоп этилган. Одатда семириш даражасини баҳолаш учун тана вазни индексидан (ТВИ) фойдаланилади, бироқ бу кўрсаткич ёғ тўқималарининг тана бўйлаб қандай тақсимланганини кўрсатиб беролмайди. Ваҳоланки, тананинг турли қисмларидаги ёғ саломатликка турлича таъсир қилиши мумкин.

Гонконг политехника университети олимлари айни шу мақсадда ўтказган тадқиқотда ўртача ёши 62 ёш атрофида бўлган 18 мингдан ортиқ инсон иштирок этди. Олимлар махсус рентген аппарати ёрдамида иштирокчиларнинг қўллари, оёқлари, гавдаси ва қорин бўшлиғидаги ички аъзолар атрофида тўпланган ёғ — яъни висцерал ёғ миқдорини ўлчашди. Шундан сўнг, қатнашчилар миянинг МРТ текширувидан ўтишди ҳамда хотира, маълумотни қайта ишлаш тезлиги ва фикрлаш қобилиятини баҳоловчи қатор тестларни топширишди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, турли хил ёғ тўпланиши миядаги турлича ўзгаришлар билан боғлиқ экан. Улар орасида энг хавфлиси висцерал ёғ бўлиб чиқди. Айнан у миянинг оқ моддаси — яъни асаб тизимининг турли бўлимлари ўртасида сигнал узатишни таъминловчи асаб толалари тармоғининг ёмонлашишига кучли таъсир кўрсатган. Танасида висцерал ёғ миқдори кўп бўлган одамларда асаб толалари зичлигининг камайиши, мия тўқималарида суюқлик тўпланиши ва уларнинг фаолияти бузилиши аломатлари аниқланди.

Шунингдек, тадқиқотчилар нейрон тармоқларининг қариш даражасини кўрсатувчи «мия ёши»ни ҳам ҳисоблаб чиқишди. Маълум бўлишича, ортиқча ёғнинг ақлий қобилиятни сусайтиришига айнан миянинг муддатидан олдин тез қариши асосий сабаб бўлар экан. Ўтказилган барча тестларда хотира ва фикрлашга энг катта салбий таъсирни яна ўша — висцерал ёғ кўрсатди.

Олимларнинг таъкидлашича, бу маълумотлар ёш ўтиши билан мия фаолияти ёмонлашиши хавфини баҳолашда муҳим ҳисобланади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech