Янгиликлар

not found

Сўнгги 8 йилда фармацевтика саноатида қандай ўзгаришлар бўлди?

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига кўра, сўнгги 8 йилда фармацевтика саноати жадал ривожланиб, стратегик тармоқлардан бирига айланди. 2017–2024 йилларда соҳани ривожлантириш бўйича 50 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан: - “Фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғриси”да Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори (ПҚ-4554) қабул қилиниб, 2020-2024 йилларда фармацевтика тармоғини ривожлантириш концепцияси; - «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш концепцияси тасдиқланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларда республиканинг Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (ПФ-55) фармонига биноан фармацевтика тармоғига бир қанча имтиёзлар берилди. Жумладан, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ташкилотларни қўллаб-қувватлаш ва зарур GxP амалиётлари талабларини тизимли жорий этиш мақсадида: - "Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)" ва ISO:13485 сертификатига эга маҳаллий корхоналарга маҳсулотларни рўйхатдан ўтказишда енгиллик берилди; - маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотларини хорижда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 75%ни Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасидан қоплаб бериш йўлга қўйилди. 2017-2024 йилларда Ўзбекистон фармацевтика бозори ҳажми 1,8 бараварга ошиб, 2 млрд долл.ни ташкил этди. Маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 бараварга ўсиб, 2024 йил якунида 4,7 трлн сўмни ташкил этди. Хусусан, дори воситалари ишлаб чиқариш 1,5 бараварга, тиббий жихозлар ишлаб чиқариш эса 3 бараварга кўпайди. Шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари сони 2 777 тага етди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сони 2017 йилдаги 146 тадан 2024 йилда 202 тага етди. Улардан 61 таси дори-дармон воситалари, 38 таси тиббий ускуналар, 103 таси эса тиббий буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Янги ишлаб чиқариш қувватларининг яратилиши ва мавжуд корхоналарни модернизация қилиш орқали соҳанинг ички эҳтиёжларни қондириш салоҳияти сезиларли даражада ошди. Маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига ички талабни қоплаш даражаси 32% дан 42%га етди. 2017–2024 йиллар давомида фармацевтика соҳасига киритилган умумий инвестициялар ҳажми 6 бараварга ўсиб, 2024 йилда 310 млн долларни ташкил этди. Бундан 158 млн доллар тўғридан-тўғри чет эл инвестициялар ҳисобланади. Ушбу маблағлар замонавий технологияларни жалб қилиш, халқаро стандартларни жорий этиш ва сифат назорати тизимини такомиллаштириш, янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилди. Хусусан, 2024 йилда тармоқда қиймати 92 млн долларлик 28 та лойиҳалар амалга оширилди, 800 млрд сўмлик қўшимча ишлаб чиқариш ҳажмлари ва 1 400 та янги иш ўринлари яратилди. Экспорт салоҳияти ҳам сезиларли даражада кенгайди. Агар 2017 йилда фармацевтика маҳсулотлари экспорти 18,3 млн долл. бўлган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 9 бараварга ошиб, 165 миллион долларга етди. Халқаро ҳамкорлик географияси кенгайиб, 50 та хориж давлатларига фармацевтика маҳсулотларни экспорт қилиш йўлга қўйилди. Бундай алоқалар миллий маҳсулотнинг ташқи бозорларда рақобатбардошлигини янада мустаҳкамлади. Ишлаб чиқаришда сифат ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида барча корхоналарга GMP (Good Manufacturing Practice) сертификати талаби қўйилди. 2020 йилда 10 та корхона GMP талабларига жавоб берган бўлса, Бугунги кунда уларнинг сони 61 тага етди. Ҳозирда фаолият юритаётган ишлаб чиқариш корхоналарининг 100%да GMP сертификатлари мавжуд. Шунингдек, ISO 9001:2015 стандарти бўйича сертификатланган корхоналар сони 74 фоизга ўсиб, 59 тага етди. Умуман олганда, фармацевтика саноати Ўзбекистонда технологик жиҳатдан илғор, инвестициявий жозибадор ва экспортбоп соҳалардан бирига айланмоқда. Ҳукумат бу йўналишдаги ислоҳотларни изчил давом эттириб, фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, экспортни рағбатлантириш ва илғор ишлаб чиқариш технологияларини жорий этишга устувор аҳамият қаратмоқда.

  • 6 Октябрь, 10:00
  • Батафсил
not found

Ўзбекистонда 6 тонна сифати талабга жавоб бермайдиган ош тузи аниқланди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига асосан бугунги кунда ер юзида 2 миллиард аҳоли йод танқис ҳудудларда истиқомат қилмоқда. 655 миллион аҳоли эндемик буқоқ касаллигига чалинган. Йод танқислиги сабабли 43 миллион аҳолида бош мия фаолиятининг бузилиши ва ақлан заифлик ҳолати кузатилмоқда. Узоқ йиллар давомида йод етишмаслиги ҳолатларини олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар олиб борилишига қарамай жаҳоннинг кўп давлатларида, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ўртасида ҳам йод етишмаслиги муаммолари мавжуд. Тузни йодлаш дастури аҳолини йод етишмаслигидан ҳимоя қилишнинг энг самарали ва арзон йўли ҳисобланади. Бу амалиётда ош тузига кичик миқдорда йод қўшилади ва натижада қалқонсимон без касалликлари ҳамда болаларда ақлий ривожланишдаги орқада қолиш ҳолатлари олдини олинади. Стандартларга кўра, 1 тонна ош тузига 20 — 40 г калий йодат қўшилади. Халқаро маълумотларга кўра, бу дастур туфайли 1990–2020 йиллар оралиғида йод етишмаслиги кузатиладиган мамлакатлар сони кескин камайган. Бугунги кунда 120 дан ортиқ давлатда тузни мажбурий йодлаш тизими жорий қилинган бўлиб, мазкур дастурнинг самарали амал қилиши сифат назорати ва қонунчилик асосида таъминланиши лозим. Ўзбекистонда жорий йил бошидан буён сифати талабга жавоб бермайдиган 6 тоннадан ортиқ ош тузи аниқланган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси хабар берди. Қайд этилишича, қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимларидаги санитария-гигиена лабораторияларида йил бошидан буён жами 4411 та ош тузи намуналари текширилган, шундан 1306 таси талабга жавоб бермаган. Аниқлик киритилишича, ушбу намуналарнинг 19 таси ишлаб чиқариш корхоналарига, 182 таси савдо ва умумий овқатланиш корхоналаридан ҳамда 1105 таси Мактабгача таълим ташкилоти, мактаблар ва ДПМларга тўғри келади. Сифати талабга жавоб бермайдиган 6042,5 кг ош тузи реализация қилишдан тўхтатилиб, ош тузини ишлаб чиқарувчи корхоналарга қайта йодлашга жўнатилди. Шунингдек, 1 та корхона фаолияти вақтинча тўхтатилган. Шунингдек, аниқланган ҳолатлар юзасидан жами 31 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган.

  • 2 Октябрь, 09:30
  • Батафсил
not found

Тадқиқот: Келгуси 25 йилда дунё бўйича саратон касаллигидан ўлим кўрсаткичи қарийб 75 фоизга ошади

Даволаниш ва хавф омилларини камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга қарамай, кейинги 25 йил ичида глобал саратон касаллигидан вафот этадиганлар сони қарийб 75 фоизга ошади.  Бу ҳақда Euronews телеканали Тhе Lancet тиббий журналида чоп этилган ҳисоботга таяниб хабар берди. 2050 йилга бориб 18,6 миллион одам саратон касаллигидан вафот этиши ва бу вақт ичида янги касалланишлар сони 60 фоиздан ошиб, 30,5 миллионга етиши кутилмоқда. Ҳисоботга кўра, ҳозирги вақтда саратон касаллигидан ўлимнинг 40 фоиздан ортиғи 44 та хулқ-атвор, экологик ва метаболик хавф омиллари, жумладан чекиш, нотўғри овқатланиш ва қонда қанд миқдорининг юқорилиги билан боғлиқ. 1990 йилдан 2023 йилгача ўтказилган тадқиқотда саратоннинг 47 тури текширилди. Ҳисоботга кўра, 2023 йилда дунё бўйлаб 18,5 миллион янги ҳолат ва 10,4 миллион ўлим қайд этилди, бу 1990 йилга нисбатан сезиларли даражада кўпдир. Улардан 57,9 фоиз касалланиш ҳолати ва ўлим ҳолатларининг 65,8 фоизи даромади кам ва ўрта даражадан юқори бўлган мамлакатларда содир бўлган. Қайд этилишича, 2023 йилда саратон дунё миқёсида юрак-қон томир касалликларидан кейин ўлим сабаблари бўйича иккинчи ўринни эгаллаган. Келгуси йилларда саратон касаллигининг ўсишидан энг кўп зарар кўрган мамлакатлар кам даромадли мамлакатлар бўлиши кутилмоқда. Ҳисоботга кўра, улар ҳозирдан 2050 йилгача янги ҳолатларнинг ярмидан кўпи ва ўлимнинг учдан икки қисмини ташкил қилади. Тадқиқотчилар, айниқса, кам даромадли мамлакатларда саратон касаллигини тезроқ ва аниқроқ ташхислаш, сифатли даволаш ва ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга чақиришди.

  • 30 Сентябрь, 09:00
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech