12:10 (24.12.2025)

125

Юрак-қон томир касалликлари хавфини аниқлашда энг аниқ маркер айтилди

С-реактив оқсилга (CRP) ўтказилган таҳлил юрак-қон томир касалликлари хавфини аниқлашда энг ишончли кўрсаткич ҳисобланади.

Организмдаги сурункали яллиғланиш даражасини акс эттирувчи С-реактив оқсил (СРБ) миқдори холестерин кўрсаткичларига нисбатан инфаркт ва инсульт хавфини аниқроқ башорат қилиши мумкин. Бу ҳақда The Conversation нашрига АҚШнинг Макона тиббиёт маркази профессори маълум қилди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, ўтган ўн йиллар давомида юрак-қон томир касалликлари хавфини баҳолаш асосан қондаги холестерин даражасига таянилган. Бироқ сўнгги йигирма йил давомида тўпланган илмий маълумотлар юрак касалликлари ривожланишида сурункали яллиғланиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда.

Сурункали яллиғланишнинг ишончли биомаркери сифатида С-реактив оқсил қаралади. У жигар томонидан инфекциялар, тўқималар шикастланиши, аутоиммун жараёнлар, семизлик ва қандли диабетга жавоб сифатида ишлаб чиқарилади.

Таъкидланишича, С-реактив оқсил оддий қон таҳлили орқали осон аниқланади. Унинг 1 мг/длдан кам бўлган паст даражаси организмда яллиғланиш минимал эканини ва юрак-қон томир касалликлари хавфининг пастлигини англатади. Аксинча, 3 мг/длдан юқори кўрсаткичлар инфаркт ва инсульт юз бериш эҳтимолининг сезиларли даражада ошиши билан боғлиқ. 

Мутахассисга кўра, бу ҳолат яллиғланиш атеросклерознинг барча босқичларида иштирок этиши билан изоҳланади — қон томири деворининг шикастланишидан тортиб, ёғли бляшканинг ўсиши ва унинг ёрилиб, қон оқимини тўсиб қўядиган тромб ҳосил бўлишигача. Айнан шу жараёнлар инфаркт ёки инсультга олиб келади.

Тадқиқот муаллифлари С-реактив оқсил даражасини пасайтириш мумкинлигини ҳам қайд этмоқда. Жисмоний фаоллик, вазнни назорат қилиш ҳамда дуккакли маҳсулотлар, сабзавотлар, ёнғоқлар, резаворлар, зайтун мойи ва кўк чой истеъмол қилиш яллиғланишни камайтириш ва юрак-қон томир касалликлари хавфини пасайтириш билан боғлиқ экани таъкидланган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech