12:00 (18.12.2025)

65

СИ пневмонияни даволашда антибиотиклардан фойдаланишни 80% га камайтиришга ёрдам беради

Сан-Франциско шаҳридаги Калифорния университети мутахассислари сунъий интеллектга асосланган диагностика тизимини ишлаб чиқдилар. Ушбу тизим пневмония ривожланишининг сабабларини юқори аниқлик билан аниқлай олади ҳамда беморга антибиотиклар зарур ёки йўқлигини белгилаш имконини беради. Уни қўллаш натижасида антибиотиклар сарфини 80 фоизгача қисқартириш мумкин.

«Биз ишлаб чиққан ёндашув бактериологик текширувларнинг кенг қўлланиладиган усулларига нисбатан ташхис қўйиш ва даволаш усулини танлашни анча тезлаштиради. Ушбу тизимни жорий этиш оғир аҳволдаги беморларга тезроқ ташхис қўйиш имконини беради, шунингдек, антибиотикларни асоссиз қўллашни камайтиради», — деди университет доценти Чез Лангелье.

Тиббиёт ходимларининг таъкидлашича, ҳозирги кунда оғир шаклдаги пневмония ва қуйи нафас йўллари инфекцияларини даволашда, одатда, кенг таъсир доирасига эга антибиотиклар қўлланилади. Кўп ҳолларда бундай даволаш усули самарали натижа беради, бироқ айрим вазиятларда инфекция SARS-CoV-2 каби вируслар томонидан чақирилган бўлиши ёки уни келтириб чиқарган бактериялар антибиотикларга чидамли бўлиши мумкин.

Бундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида шифокорлар бемор организмига кириб олган микроорганизмларни етиштириш (культивация қилиш)нинг турли усулларидан фойдаланадилар. Аммо ушбу усуллар махсус жиҳозлар ҳамда катта вақт талаб этади. Шу сабабли олимлар пневмониянинг ривожланиш сабабларини тез ва аниқ аниқлаш ҳамда бемор ҳаётини сақлаб қолиш учун энг мақбул даволаш усулини танлаш имконини берувчи муқобил биомаркерлар ва ёндашувларни излашга мажбур бўлмоқдалар.

Олимлар сунъий интеллект тизимини муайян биомаркерларни кузатиб боришга ўргатди. Жумладан, ўпка тўқималарида яллиғланиш жараёнларининг ривожланиши билан боғлиқ бўлган FABP4 гени фаоллиги каби кўрсаткичлар таҳлил қилинди ва улар пневмониянинг ривожланиш механизмини аниқлаш учун қўлланилди.

Тадқиқотчилар ушбу тизимни коронавирус пандемияси бошланишидан олдин ва кейин тўпланган икки хил маълумотлар тўплами асосида синовдан ўтказди. Ўтказилган тестлар натижаларига кўра, СИ ҳолатларнинг 96 фоизида тўғри ташхис қўйган бўлиб, бу кўрсаткич оддий шифокорлар натижаларидан анча юқори экани аниқланди.

Олимларнинг хулосасига кўра, агар ушбу тизим маълумотлар йиғилган пайтдаёқ тиббиёт ходимлари ихтиёрида бўлганида, антибиотиклар сарфини 80 фоизгача қисқартириш имкони мавжуд бўлар эди. Бу эса “супербактериялар”нинг ривожланишини секинлаштириш, асоратлар пайдо бўлиш частотасини камайтириш ҳамда дори-дармонлар харид қилиш харажатларини пасайтиришга хизмат қилган бўлар эди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech