12:03 (22.12.2025)

132

Америка диабет ассоциацияси диабетга қарши кураш стандартларини янгилади

Америка диабет ассоциацияси 2026 йилги диабетга қарши кураш стандартларининг янгиланган версиясини чиқарди. Ҳужжат янги тадқиқот ва клиник амалиёт маълумотларини ҳисобга олади ва диабет билан касалланган беморларни ташхислаш, мониторинг қилиш ва даволаш бўйича тавсияларни кенгайтиради.

Асосий янгиликлардан бири глюкозани узлуксиз мониторинг қилиш тизимларидан (НМГ) кенгроқ фойдаланиш ҳисобланади. Муаллифлар таъкидлашича, ушбу тизимлар диабет ташхиси қўйилган пайтнинг ўзидаёқ, шунингдек кейинги ҳар қандай босқичда, агар бу қондаги қанд миқдорини яхшироқ назорат қилишга ёрдам берса, қўлланилиши мумкин. Аввалги қўлланма версиясидан фарқли равишда, эндиликда НМГ фақат инсулин қабул қилаётган ёки гипогликемия хавфи юқори бўлган беморларгагина эмас, балки ушбу технология клиник жиҳатдан фойдали бўлиши мумкин бўлган кенгроқ беморлар гуруҳига ҳам тавсия этилмоқда.

2026 йилги стандартларда илк бор ўсмага қарши даволашни бошлаётган беморларда гликемияни назорат қилиш бўйича алоҳида тавсиялар берилди. Мутахассислар mTOR ингибиторлари, PI3K ингибиторлари ҳамда глюкокортикоидлар қабул қилаётган беморларда қондаги глюкоза даражасини мунтазам мониторинг қилиш зарурлигини таъкидладилар.

Дори воситалари таъсирида келиб чиққан гипергликемияда биринчи қатор даво усули сифатида метформин тавсия этилган, оғир гипергликемия ҳолатларида эса инсулин терапиясини қўллаш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилган. Аввалдан қандли диабети мавжуд бўлган беморлар учун ўсмага қарши даволаш фонида барча гипогликемик дориларни дозасини тўғрилаш зарурлиги алоҳида таъкидланган.

Ҳужжатда қандли диабет билан оғриган беморларда вазн ортишини бошқаришга бағишланган алоҳида бўлим ажратилган. Скрининг ўтказишда тана массаси индекси (ТМИ) билан бир қаторда семириш даражасини кўрсатувчи алоҳида кўрсаткичдан фойдаланиш тавсия этилган. Муаллифлар вазн ортишини даволаш учун қўлланиладиган дори воситалари дозасини беморнинг индивидуал ҳолати, препаратни кўтара олиши ва ножўя таъсирларини ҳисобга олган ҳолда танлаш ҳамда босқичма-босқич ошириш зарурлигини таъкидлади. Илк бор GLP-1 рецепторлари агонистлари ҳамда метаболик жарроҳлик инсулин терапиясига қўшимча равишда 1-тур қандли диабет ва ортиқча вазнга эга бўлган беморлар учун мумкин бўлган даволаш вариантлари сифатида кўриб чиқилди.

Янгиланган тавсияларда инсулин помплари ва инсулинни автоматик етказиб бериш тизимларини қўллашни бошлаш учун қатор талабларни бекор қилиш таклиф этилган.

Шунингдек, 2026 йилги стандартларда 2-тур қандли диабетнинг олдини олишга қаратилган овқатланиш бўйича тавсиялар кенгайтирилди. Бунда ўрта ер денгизи парҳези ва кам углеводли рациондан фойдаланиш ҳам назарда тутилган. Қанд миқдорини туширувчи дори воситаларини қўллашга бўлган ёндашувлар янгиланди. Эндиликда улар фақат қондаги қанд миқдорини назорат қилиш учун эмас, балки юрак-қон томир тизими, буйраклар ва жигарни ҳимоя қилиш мақсадида ҳам тавсия этилмоқда.

Қандли диабети бўлган кекса беморлар учун мутахассислар глюкозани узлуксиз мониторинг қилиш тизимларидан фойдаланиш, артериал қон босимининг мақсадли кўрсаткичлари, жисмоний фаоллик, оқсил истеъмоли ҳамда даволашни индивидуал равишда тузатиш бўйича тавсияларни аниқлаштирди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech