12:45 (22.06.2026)
136
Ҳар йили хавфсиз бўлмаган озиқ-овқат 866 миллион касалланиш ва 1,5 миллион ўлимга сабаб бўлмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти йигирма бир йиллик ўрганишлар натижаларини таҳлил қилиш асносида шошилинч огоҳлантириш билан чиқди. Унга кўра, таркибида зарарли бактерия ва вируслар, паразитлар ёки хавфли кимёвий моддалар мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари дунёда йилига, 1,5 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда.
Хавфсиз бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш 5 ёшгача бўлган болаларда катталарга нисбатан қарийб уч баравар кўпроқ касалликларга сабаб бўлмоқда. Ер юзи аҳолисининг атиги 9 фоизини ташкил этувчи кичик ёшдаги болалар ҳиссасига озиқ-овқат орқали юқадиган касалликларнинг қарийб учдан бир қисми тўғри келади.
Ҳар йили дунё бўйлаб 866 миллион нафар инсон хавфсиз бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини тановул қилиш оқибатида турли касалликларга чалинади.
2021 йилда озиқ-овқат ифлосланиши билан боғлиқ ўлимларнинг 73 фоизи кимёвий моддалар ҳиссасига тўғри келган. Энг хавфли омиллар сифатида қўрғошин ва маргимуш бирикмалари қайд этилган.
Метилсимоб, қўрғошин ва маргимуш каби моддалар болалар миясининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, неврологик бузилишлар ва ривожланишда кечикишларга олиб келиши мумкин.