16:00 (10.07.2026)

62

"Дори-Дармон"да рақамли трансформация янги босқичга чиқмоқда

"Дори-Дармон" акциядорлик компаниясида рақамлаштириш, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ҳамда инсон омилини камайтиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Бу орқали бошқарув самарадорлигини ошириш, иш жараёнларининг шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, шунингдек аҳолига кўрсатилаётган фармацевтика хизматлари сифатини янада юксалтириш мақсад қилинган.

Компаниянинг Ахборот технологиялари бўлими томонидан сўнгги йилларда бир қатор рақамли ечимлар ишлаб чиқилди. Жумладан, ходимларнинг иш вақти ва меҳнат интизомини самарали назорат қилиш мақсадида махсус дастур яратилди. Ушбу тизим орқали ходимларнинг ишга келган вақти, хизмат топшириқлари билан иш жойидан чиққан ҳолатлари ҳамда иш куни якунланган вақтлари электрон тарзда қайд этилади. Бу маълумотлар электрон сервер китобчасига юборилади ва мазкур маълумотлар асосида Кадрлар бўлими томонидан табеллар юритилиб, иш вақти ҳисоби аниқ ва шаффоф тарзда шакллантирилади. Бу эса инсон омилини камайтириш, меҳнат интизомини мустаҳкамлаш ва ҳисоботларни юритиш жараёнини соддалаштиришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, хизмат автомобилларидан самарали фойдаланиш мақсадида уларни олдиндан банд қилиш тизими ҳам ишга туширилди. Бу хизмат транспортларидан оқилона фойдаланиш, вақтни тежаш ва ортиқча қоғозбозликни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари хизмат автомашиналарининг мониторинг тизими ҳам рақамлаштирилди. GPS-трекерлардан олинадиган маълумотлар Ахборот технологиялари бўлими томонидан ишлаб чиқилган дастур орқали компаниянинг ички серверида қабул қилиниб, қайта ишланади. Натижада транспорт воситаларининг ҳаракати, йўналишлари ва фойдаланиш ҳолати бўйича автоматик ҳисоботлар шакллантирилади. Бу эса аввал ташқи хизмат учун ҳар ой тўланиб келинган 1 млн 880 минг сўмлик харажатларни тежаш имконини берди.

Бугун рақамли трансформациянинг навбатдаги муҳим босқичи сифатида  M-Аптека платформаси негизида ишлаб чиқилган янги корпоратив ахборот тизими тақдимот қилинди. Замонавий Python, Node.js ва JavaScript дастурлаш тилларида ишлаб чиқилган мазкур тизим компаниянинг барча бизнес жараёнларини ягона рақамли муҳитга бирлаштиради.

Тизимда Электрон рақамли имзо (ЭРИ) тўлиқ жорий қилинган бўлиб, ҳужжатларни тасдиқлаш, келишиш ва имзолаш жараёнлари электрон шаклда амалга оширилади. Бу эса қоғоз ҳужжатлар айланмасини деярли тўлиқ бартараф этиб, иш жараёнларини тезлаштиради ва инсон омили билан боғлиқ хатоларни минималлаштиради.

Корпоратив платформа булутли технологиялар асосида ишлайди. Шу боис ундан интернет тармоғи мавжуд бўлган дунёнинг исталган нуқтасидан фойдаланиш мумкин. Раҳбарият эса марказий аппарат, филиаллар, дорихоналар ва омборхоналардаги иш жараёнларини реал вақт режимида кузатиш ва назорат қилиш имкониятига эга бўлади.

Янги тизимнинг дорихоналар учун мўлжалланган қисми ҳам кенг имкониятларга эга. Унда дори воситаларини бериш тартиби — стандарт сотув, рецепт асосида бериш ва бошқа шакллар рақамли тарзда бошқарилади.

Энг муҳими, барча дорихоналар марказий маълумотлар базаси билан доимий синхронлаштириб борилади. Марказий базада амалга оширилган ҳар қандай ўзгариш автоматик равишда дорихоналарга етказилади.

Масалан, дори воситасининг референт нархи ўзгарса, маркетинг маълумотлари янгиланса ёки муайян партияни сотувдан вақтинча тўхтатиш зарурати туғилса, ушбу маълумотлар барча дорихоналарга тезкор етказилади.

Сунъий интеллект ҳар 45 сонияда марказий маълумотлар базаси билан синхронлаштирилади. Бу эса барча филиалларда ягона ва долзарб маълумотлар билан ишлаш имконини яратади.

Тизимда  фармацевтлар дори воситалари ҳақидаги қисқача ва ишончли маълумотларни бир неча сония ичида олишлари мумкин. Агар харидор ёки бемор маълум бир препарат ҳақида маълумот сўраса, тизим автоматик равишда унинг таркиби, қўллаш хусусиятлари ва бошқа муҳим маълумотларни маълумотнома шаклида тақдим этади. Бу фармацевтлар ишини енгиллаштириш билан бирга, аҳолига сифатли ва тезкор ахборот бериш имконини ҳам яратади.

Янги корпоратив тизим орқали компаниядаги барча асосий бизнес жараёнлари ягона рақамли муҳитда бошқарилади. Бу эса иш самарадорлигини ошириш, қарор қабул қилиш жараёнларини тезлаштириш, шаффофликни таъминлаш ҳамда инсон омилини минимал даражага туширишга хизмат қилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech