09:10 (08.07.2025)
50
Statista’нинг маълумотларига кўра, 2025 йилда Осиёда фармацевтика бозори 248,8 миллиард АҚШ долларга етиши кутилмоқда.
Саноат ўсишига таъсир қилувчи асосий омиллар қаторида аҳолининг қариши натижасида сурункали касалликларни даволашга бўлган эҳтиёжнинг ортиши, шунингдек, ўрта тоифа аҳолининг кўпайиши ва даромад даражасининг ўсиши қайд этилган. Бу эса дори-дармонлар ҳамда соғлиқни сақлаш маҳсулотларига бўлган харажатларни оширишга туртки бермоқда.
Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон, минтақавий фармацевтика бозори тузилмасида муҳим ўринни эгаллайди. Республика халқаро ишлаб чиқарувчилар томонидан барқарор қизиқишга сабаб бўлмоқда, дейилади Proxima Research'нинг Ўзбекистоннинг Осиё фармацевтика бозоридаги ўрнига бағишланган таҳлилий мақоласида.
Ўзбекистон бозоридаги истеъмол тенденциялари ва бозорнинг тузилмаси
2025 йилнинг 1-чораги якунига кўра, Ўзбекистон чакана фармацевтика бозори ҳажми пул билан ифода этилганда 520 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Миқдор жиҳатидан эса дори-дармонлар ва биологик фаол қўшимчалар (БАД) савдоси 1-чоракда 151 миллион пакетга баҳоланди.
Қўшни Қозоғистон Республикаси билан солиштирганда, ушбу кўрсаткичлар долларда 26%, пакетларда эса 11,9% га юқори бўлди. Бунга Ўзбекистон ҳудуди кичикроқ бўлса-да, аҳолининг кўплиги сабаб бўлиши мумкин-дейилади мақолада.
Ўзбекистонда дори-дармонлар ва биологик фаол қўшимчалар савдосининг пул билан ифода этилган ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,8% га ошган, аммо миқдорий кўрсаткичлар бўйича 11,5% пасайиш кузатилган. Истеъмолнинг асосий қисми дори-дармонларга тўғри келади – пул ва миқдор жиҳатдан 90% дан ортиқ, биологик фаол қўшимчалар эса мос равишда 10% дан камроқ улушга эга.
2023–2024 йилларда Ўзбекистон фармацевтика бозори пул билан ифода этилганда фаол ўсишни кўрсатган, бироқ ўрганилаётган даврда секинлашув кузатилмоқда. Шу билан бирга, истеъмолни қисқаришнинг барқарор тенденцияси қайд этилган.
Ўзбекистон дорихоналарида дори воситалари савдосининг асосий қисми рецепт асосида бериладиган препаратларга тўғри келади. Шу билан бирга, Ўзбекистон фармацевтика бозори импортга (Қозоғистонда бўлгани каби) юқори даражада боғлиқ. 2025 йил 1-чорагида импорт дори воситаларининг улуши пул ифодасида 89%, миқдор жиҳатидан эса 65% ни ташкил этди. Шу тариқа, миқдорий жиҳатдан маҳаллий ишлаб чиқарилган дорилар умумий савдонинг учдан бир қисмини ташкил қилган бўлса-да, пул ифодасида бу кўрсаткич бор-йўғи 11% ни ташкил қилмоқда.
Ўзбекистонда фаолият юритувчи маркетинг компаниялари орасида дори воситалари савдоси ҳажми бўйича халқаро компаниялар етакчилик қилмоқда. Жумладан, KRKA, Юрия-Фарм ва STADA биринчи учликни шакллантирган. Бу эса мамлакат бозорининг импортга нисбатан очиқлигини ва халқаро ишлаб чиқарувчиларга юқори талаб мавжудлигини кўрсатади.
Таҳлил қилинаётган даврда АТС (анатомо-терапевтик-кемёвий) классификацияси бўйича асосий улушни ҳазм тизими ва метаболизмга таъсир этувчи воситалар, қон тизими ва гемопоэзга таъсир этувчи воситалар, шунингдек, микробларга қарши воситалар эгаллади. Биринчи ўнталикда савдо ҳажми бўйича энг катта ўсишни дерматологик воситалар, шунингдек, юрак-қон томир тизимига таъсир қилувчи дори воситалари номоён этди. маҳсулотлар кўрсатди.
Препаратлар брендлари орасида Тивротин савдо ҳажми бўйича рейтингнинг биринчи поғонасини эгаллади. ТОП-3 рўйхатни шунингдек Реосорбилакт ва L-лизина эсцинат тўлдирди.
Ўзбекистонда биологик фаол қўшимчалар (БАД) сотуви ҳажми бўйича етакчи маркетинг ташкилотлар рейтингида биринчи ўринни Synergy Pharmco эгаллади. Ундан кейинги ўринларда Asia Pharm Group ва Bayer Consumer Care жой олган.
Ўзбекистон пойтахти — Тошкент дори воситалари ва БАД савдоси бўйича умумий товар айланмасининг 32% ни таъминлаб, бозордаги энг катта улушга эга. Шу билан бирга, 2025 йил 1-чорагида ҳудудлар ҳам аҳамиятли ҳисобланади. Улар абсолют кўрсаткичлар бўйича Тошкентдан ортда қолса-да, дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар савдосининг пул ифодасида юқори ўсиш суръатини намоён этмоқда.
Ўзбекистон фармацевтика бозорининг муҳим ривожланиш тенденцияларидан бири — дорихона бизнесининг бирлашувидир. 2022–2024 йиллар давомида дорихона тармоқлари улуши барқарор ўсиб борган. 2025 йил 1-чораги якунларига кўра, тармоқли дорихоналарнинг бозордаги улуши 40,6% ни ташкил этмоқда.