12:40 (17.10.2025)
146
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида тарихан шаклланган яқин дўстона муносабатлар ўз тараққиётининг сифат жиҳатидан янги босқичига кўтарилган. Олий даражадаги мунтазам ва самарали мулоқот туфайли Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари барча йўналишларда жадал равнақ топмоқда.
Сўнгги йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йигирма беш фоизга ўсиб, бир миллиард долларлик кўрсаткичга яқинлашди. Инвестиция лойиҳаларининг умумий портфели тўрт миллиард долларга етган. Бу рақамлар оддий статистика эмас – улар ортида янги иш ўринлари, маҳаллий ишлаб чиқариш, экспорт салоҳияти ва рақобатбардош маҳсулотлар ётибди.
Жорий йилнинг 2–3 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Озарбайжон Республикасига давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири раҳбарлигида B2B ва B2G форматларида музокаралар ва ишбилармонлик учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу учрашувларда “Dori-Darmon” АК тижорат директори Рамил Абдулов фаол иштирок этиб, Озарбайжоннинг етакчи фармацевтика компаниялари ва «PASHA Investments» инвестиция холдинги билан самарали музокаралар олиб борди.
Мазкур учрашув натижаси улароқ Озарбайжоннинг "PASHA Investments" ҳамда "Avromed" компаниялари вакиллари “Дори-Дармон”акциядорлик компаниясига ташриф буюрди.
Учрашувда "Dori-Darmon" АК Бошқарув Раиси А.Камилов, кузатув кенгаши раиси Ф.Абутолиев, Бошқарув раиси ўринбосараи У.Рўзиева,тижорат директори Р.Абдулов ҳамда ривожлантириш ва инвестиция директори А.Нажмиддинов иштирок этди. Музокаралар давомида фармацевтика соҳасини ривожлантириш, аҳолини сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш ҳамда инвестицияларни рағбатлантиришга қаратилган давлат сиёсати тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.
Алоҳида тарзда Ўзбекистоннинг энг йирик фармацевтик компанияларидан ҳисобланган “Dori-Darmon” акциядорлик компаниясининг фаолияти ёритилди. Компаниянинг республикамиз бўйлаб 14 та ҳудудий филиали, 15 та омборхонаси ва 1800 га яқин дорихоналари, шу жумладан, шифохоналар ва поликлиникаларида жойлашган ижтимоий аҳамиятга эга дорихоналари мавжуд.
Озарбайжон компаниялари вакиллари Ўзбекистон фармацевтика бозори тузилмасини ўрганиш, ишончли ҳамкорларни излаш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларига қизиқиш билдирди. Томонлар ўзаро мулоқотни давом эттириш ва қўшма инвестиция ҳамда логистика лойиҳалари бўйича аниқ таклифларни тайёрлашга келишиб олдилар.
"PASHA Investments" — "PASHA Holding" тузилмасида фаолият юритувчи компания бўлиб, асосан Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Ўзбекистондаги компанияларга инвестициялар киритишга йўналтирилган. Шунингдек, холдингнинг портфолиосида банк ва молия, суғурта, қурилиш, туризм, технологиялар ва кўчмас мулкни ривожлантириш соҳалари ҳам мавжуд.
"Avromed" — Озарбайжонда етакчи дори-дармон маҳсулотлари етказиб берувчи компания бўлиб, дори воситалари, тиббий ускуналар, БАД ҳамда шахсий гигиена воситалари каби кенг турдаги маҳсулотларни таклиф этади. Компания ҳудуддаги ишлаб чиқарувчилар ва дорихона тармоқлари билан шериклик муносабатларини фаол ривожлантириб, сифат стандартлари ва етказиб бериш шаффофлигини таъминлайди.
Озарбайжон делегациясининг «Dori-Darmon»га ташрифи икки томонлама иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиб, қўшма корхоналар ташкил этиш, фармацевтика ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш учун янги истиқболларни очади.