17:00 (17.10.2025)
146
Мамлакатимизда аҳолини сифати, хавфсизлиги ва самарадорлиги кафолатланган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника билан таъминлаш мақсадида “Зарур дорихона амалиёти” (GPP – good pharmacy practice) стандарти ишлаб чиқилган.
Унга кўра 2025 йил 1 январга қадар фармацевтика маҳсулотларини чакана сотиш билан шуғулланувчи тармоқли дорихоналар, 2026 йил 1 январга қадар эса бошқа дорихоналар сертификат олиши зарур. Сертификат Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги “Зарур амалиётлар маркази” ДУК томонидан берилади. Бунда Марказ ходимлари дорихоналар фаолиятини жойига чиқиб текширади, белгиланган талабларга жавоб берган дорихоналарга 3 йил муддатга сертификат берилади.
Амалиётда эса дорихоналар ушбу сертификатни олиш учун 8,5 млн сўмгача мажбурий тўлов тўлашга мажбур бўлмоқда, ҳар 9 ойда ўтказиладиган навбатдаги инспекция текшируви учун эса қўшимча 3,2 млн сўм тўлов ундирилмоқда.
Бу эса, жамоатчилик ва тадбиркорлар орасида катта норозиликка сабаб бўлмоқда. Жумладан, кўплаб дорихона эгалари буни қонун билан белгиланмаган мажбурий йиғим сифатида баҳоламоқда.
Бундан ташқари, ўтказилаётган текширувларда қўйилаётган талаблар лицензия талаблари билан деярли бир хил бўлиб, ортиқча бюрократик юк ва такрорланувчи назорат чораларини келтириб чиқармоқда.
Шунингдек, тадбиркорлар дорихоналарда санитария ва гигиена талабларини таъминлаш бўйича ортиқча қоғозбозлик кўпайганидан, хона ҳароратини аниқловчи термометр ускуналарини ҳар йили қиёсловдан ўтказиш бўйича ҳам қўшимча тўловлар талаб этилаётганидан ўз норозилигини билдирмоқда.
Ортиқча маъмурий юк ва мажбурий йиғимлар билан боғлиқ бундай ҳолатларга ўз вақтида эътибор қаратилмаса, бу фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигига ва давлат органларига бўлган ишонч даражасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шунинг учун Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Бахром Абдуллаев Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизовга сенатор сўрови юборди.
Сенатор ушбу Агентлик директоридан GPP сертификати учун тўловлар қандай ҳисоб-китобларга кўра шакллантирилганлиги, ундирилган тўловлар қаерга сарфланаётгани юзасидан асослантирилган тушунтириш беришни сўраган.
Шунингдек, сенатор GPP сертификати учун мажбурий тўлов ундириш буйруғи бекор қилинса, GPP сертификатини жорий қилиш бўйича келгусида қандай чоралар кўрилади ҳамда GPP сертификатини олган тадбиркорлардан ундирилган тўловлар тақдири нима бўлади, деган масалаларни ҳам қўйган.