10:30 (20.10.2025)
39
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) хавотирли маълумотларни эълон қилди: дунё бўйлаб 3 миллиарддан ортиқ инсон неврологик бузилишлар билан яшамоқда, ҳар йили эса 11 миллиондан зиёд инсон мия фаолиятига таъсир қилувчи касалликлар туфайли вафот этмоқда.
ЖССТ ҳукуматларни неврологик саломатликни сақлашга қаратилган инвестицияларни жадаллаштиришга ва тиббий хизматларга етарли даражада етишишни таъминлашдаги тўсиқларни бартараф этишга чақирмоқда.
Ташкилот ҳисоботига кўра, Ер юзи аҳолисининг тахминан 40 фоизи бир ёки бир нечта неврологик бузилишлардан азият чекмоқда. Ўлим ва ногиронликка энг кўп олиб келадиган 10 та неврологик касаллик қаторига қуйидагилар киради:
• инсульт,
• мигрень,
• Альцгеймер касаллиги ва деменциянинг бошқа турлари,
• менингит,
• сабаби номаълум бўлган эпилепсия.
Шу билан бирга, structural (таркибий), молиявий ва ижтимоий тўсиқлар бу касалликларга қарши курашда тўсқинлик қилмоқда. ЖССТ таъкидлашича, жамиятдаги кенг тарқалган нотўғри тушунчалар ва стереотиплар кўплаб одамларни зарур тиббий ёрдам сўрашдан тийиб туради.
ЖССТ таъкидлашича, кам даромадли мамлакатларда невролог шифокорлар сони ривожланган давлатларга нисбатан 80% кам. Бу эса миллионлаб инсонлар учун ўз вақтида қўйиладиган ташхис, самарали даво ва мунтазам кузатувнинг мавжуд эмаслигини англатади.
Ҳозирда фақат 63 та давлатда неврологик касалликларни даволаш бўйича миллий стратегия мавжуд ва атиги 34 та давлатда ушбу соҳани махсус молиялаштириш кўзда тутилган.
«Агар шошилинч чоралар кўрилмаса, неврологик касалликлар юки ортиб бораверади», — дейилади ЖССТ хабарида.
Ҳисоботда мамлакатлар шошилинч равишда ушбу соҳани устувор йўналиш сифатида белгилаши, мунтазам инвестициялар киритиши, тиббий хизматлардан фойдаланиш имконини кенгайтириши, мия саломатлигини тарғиб этиши ва қарор қабул қилиш жараёнларини яхшилаш мақсадида мониторингни кучайтириши зарурлиги қатъий таъкидланган.