13:00 (11.09.2025)
44
Дунё бўйича одамларнинг 40 фоизидан ортиғи ўзида диабет борлигини билмайди. Бу ҳақда “The Lancet Diabetes & Endocrinology” журналида эълон қилинган тадқиқотда сўз боради.
The Lancet Diabetes & Endocrinology журналида 2000−2023 йиллар оралиғида 204 та мамлакатда қандли диабет бўйича тўпланган маълумотларга асосланган кенг қамровли тадқиқот натижалари эълон қилинди. Унга кўра, 2023 йилда 15 ёшдан катта катталарнинг деярли ярми — тахминан 44 фоизи — ўзларида ушбу касаллик мавжудлигидан бехабар бўлган. Айниқса, ёшлар орасида диабетга ташхис қўйиш кўп ҳолларда ўтказиб юборилади, холбуки айнан шу ёшда қондаги шакар миқдорини назорат қилиш оғир асоратларнинг олдини олишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ташхис қўйилган беморларнинг 91 фоизи дори воситалари қабул қилган бўлса-да, фақат 42 фоизигина қондаги шакар миқдорини белгиланган меъёрда ушлаб тура олган. Натижада, бутун дунё бўйлаб қандли диабетга чалинган ҳар бешинчи инсонгина — атиги 21 фоиз — касалликни етарлича назорат қила оляпти.
Охирги йигирма йил ичида эришилган ижобий ўзгаришларга қарамасдан, тадқиқот натижалари диагностика ва даволашда, айниқса, паст ва ўрта даромадли мамлакатларда сезиларли минтақавий фарқларни аниқлади.
35 ёшдан кичик одамларда ўрта ва катта ёшдагиларга қараганда диабет анча кам аниқланган. Ёшлар орасида диабет борлигини билганлар атиги 20 фоизни ташкил этган.
Қайд этилишича, диабетни эрта аниқлаш муҳим, чунки бу вақтида даволашни бошлаш имконини беради ва юрак-қон томир касалликлари, буйрак етишмовчилиги, асаб тизими шикастланиши ҳамда кўриш қобилиятини йўқотиш каби узоқ муддатли асоратларнинг олдини олади ёки кечиктиради.
Диабет аломатларига чанқоқлик ёки иштаҳанинг ошиши, кўришнинг ёмонлашуви, кутилмаган вазн йўқотиш ва чарчоқ киради. Аммо касалликнинг дастлабки босқичларида кўпчиликда ҳеч қандай аломат бўлмайди, бу эса скрининг ва диагностиканинг аҳамиятини оширади.
Қайд этилишича, 2023 йилда дунё бўйича диабет билан оғриганларнинг қарийб 40 фоизи даволаниш орқали оптимал натижаларга эришиб, қондаги шакар миқдорини пасайтиришга муваффақ бўлган. Шу сабабли ташхис қўйилгач, имкон қадар кўпроқ одам тўғри даволаниши ва унга риоя қилиши муҳим. Диабет билан оғриган одамларда, эҳтимол, гипертония ёки сурункали буйрак касаллиги каби бошқа соғлиқ билан боғлиқ муаммолар ҳам бўлиши мумкин, бу эса даволашни мураккаблаштиради.
2050 йилга бориб дунё бўйлаб тахминан 1,3 миллиард нафар инсон қандли диабет билан яшаши мумкин. Агар уларнинг деярли ярми ўз касаллигидан бехабар бўлса, бу ҳолат «сокин епидемия»га айланиш хавфини туғдиради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2030 йилгача беморларнинг камида 80 фоизига аниқ ташхис қўйилишини мақсад қилиб қўйган.