11:50 (09.12.2025)
174
Одамлар тобора кўпроқ, уйқу билан боғлиқ муаммоларни рецептсиз бериладиган дори воситалари билан ҳал қилишга уринмоқда, бироқ бундай воситалар уйқу тартибини бузилиши, қарамлик ва токсик таъсирларни келтириб чиқариши мумкин.
Невролог Юрий Фломин ўзини- ўзи даволаш билан шуғулланмасликка чақиради. Кўплаб оммабоп уйқу дорилари, хусусан доксиламин асосидаги препаратлар, уйқунинг табиийлигини ўзгартиради. Шу сабабли, ҳатто 7–8 соат дам олгандан кейин ҳам инсон ўзини ҳолдан тойган ҳис қилиши мумкин.
“Улар уйқу архитектурасига салбий таъсир қилади, шунинг учун организм тўлиқ тиклана олмайди”, — дея тушунтиради шифокор.
Айниқса “ўсимликка асосланган” деб тақдим этиладиган, амалда эса фенобарбитал сақловчи дори воситалар хавфлидир. Ушбу модда тезда қарамликни келтириб чиқаради ва токсик бўлиши мумкин.
Фенобарбитални узоқ муддат қўллаш нафақат қарамликни шакллантиради, балки жигар фаолиятининг бузилишига, токсинлар йиғилишига ва хотиранинг ёмонлашишига олиб келади. Шу билан бирга, ҳақиқий ўсимлик воситаларининг уйқуни яхшилашдаги самарадорлиги исботланмаган ва кўпинча плацебо эффектига асосланади.
Шифокор таъкидлайди: мунтазам уйқу бузилишлари мутахассис маслаҳатини талаб қилади.
Уйқунинг сурункали бузилишларини эътиборсиз қолдириш мумкин эмас, чунки сифатли дам олишнинг етишмаслиги юрак-қон томир касалликлари ва депрессиядан саратонгача бўлган жиддий касалликлар ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.