Янгиликлар

not found

Яширин омборларда сақланаётган қалбаки «Гепарин», «Актовегин», «Хилак форте», «Урсофальк» каби дорилар фош қилинди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Наманган вилоят божхона бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимларини жалб қилган ҳолда тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда «Хавфсизлик» Telegram-канали. Унда айтилишича, ўтказилган тезкор тадбир давомида, Уйчи туманида яшовчи, 1985, 1992 ва 1993 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, контрафакт ва сифат сертификатига эга бўлмаган дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланаётгани фош қилинган. Шундан сўнг, уларга тегишли бўлган Наманган шаҳри ва Уйчи туманидаги 5 та манзилдаги мавжуд яширин омборлар холислар иштирокида кўздан кечирилганда, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Франция, Италия, Туркия, Вьетнам, Исроил, Польша, Украина, Германия ва бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган ҳамда тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган, тахминий қиймати 7,2 миллиард сўмлик 1 минг 267 турдаги жами 102 минг 640 қути контрафакт дори воситалари («Гепарин», «Актовегин», «Хилак форте», «Урсофальк» ва бошқалар) мавжудлиги аниқланган. Тезкор тадбир давомида ушбу дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган. Бундан ташқари, расмийлаштирил дори воситалари орасида таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган «Тестостерон» ва «Ретаболил» номли препаратлар мавжудлиги ҳам фош бўлган. Маълум бўлишича, мазкур контрафакт дори воситалари мамлакатимизга Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 186-3 ва 251-1-моддалари билан жиноят иши қўзғатиш режалаштирилиб, ҳозирда терговга қадар суриштирув ҳаракатлари бошлаб юборилган.

  • 15 Сентябрь, 16:15
  • Батафсил
not found

Дунёда вабо тарқалиш хавфи жуда юқори баҳоланмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) вабо тарқалишининг глобал хавфини жуда юқори деб ҳисобламоқда ва бутун дунё мамлакатларида ўлим даражасини камайтириш ҳамда касаллик тарқалишини жиловлаш учун шошилинч чоралар кўрмоқда. Бу ҳақда БМТ Ахборот хизмати хабар берди.  ЖССТ маълумотларига кўра, ушбу касалликка чалинаётганларнинг ҳам, ундан вафот этаётганларнинг ҳам сони ортиб бормоқда. 2024 йилда қайд этилган вабо билан касалланиш ҳолатлари сони 2023 йилга нисбатан 5 фоизга кўпайган, ўлимлар эса 50 фоизга ошган. 6 мингдан ортиқ одам олдини олиш ва даволаш мумкин бўлган ушбу касалликдан вафот этган. 2024 йилда вабо 60 мамлакатда қайд этилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 45 та эди. Дастлабки маълумотлар 2025 йилда ҳам глобал вабо инқирози давом этаётганини кўрсатмоқда: йил бошидан буён 31 мамлакатда касаллик тарқалиши ҳақида хабар берилган. Вабо энг кўп Африка, Осиё ва Яқин Шарқда тарқалган. “Можоролар, иқлим ўзгариши, аҳолининг кўчиши ва тоза сув ҳамда гигиена воситаларининг доимий танқислиги вабо касаллигининг ўсишига сабаб бўлди. Vibrio cholerae бактерияси қўзғатадиган бу касаллик ифлос сув орқали юқади”, дейилади хабарда. Вабога қарши курашиш учун ҳукуматлар, донорлар ва маҳаллий ҳамжамиятлар аҳолига хавфсиз сув ва гигиена воситаларини таъминлаши, ўзини  асраш бўйича аниқ маълумот бериши, зарур даволаш чораларини қисқа муддатда кўрсатиши ва касаллик тарқалган тақдирда аҳоли орасида эмлаш ўтказиши зарур. Самарали эпидемиологик назорат ва диагностика бундай чораларни амалга оширишга ёрдам беради. Шунингдек, вакцина ишлаб чиқаришга қўшимча инвестициялар талаб этилади. Қайд этилишича, вабо учун мўлжалланган янги инновацион вакцина (OCV) Euvichol-S® 2024 йил бошида олдиндан тасдиқдан ўтган. Бироқ 2024 ва 2025 йилларда вакцина етказиб бериш суръати эҳтиёж даражасидан ортда қолмоқда.

  • 15 Сентябрь, 13:30
  • Батафсил
not found

Яна бир қалбаки дори воситалари билан боғлиқ ҳолат аниқланди

Юртимизда сифатсиз ёки қалбаки дори воситаларини ўтказиш мақсадида олиш, сақлаш ва ташиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш қонун билан таъқиқланган. Лекин, шунга қарамай жамиятда қонунни менсимасдан ўз қабиҳ режасини бажаришга уринаётган, бу билан инсонлар саломатлигига путур етказишни ўйлаб кўрмайдиган кимсалар ҳам учраётганлиги ачинарли.  Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Наманган вилояти бошқармаси ва вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида салбий ҳолатларни бартараф этишга қаратилган тезкор тадбир ўтказилди.  Унда “Lucky biznes farm” МЧЖ раҳбари А.Н. дори воситаларини реализация қилиш фаолиятини амалга ошириш учун махсус рухсатнома олмаган ҳолда, Тўрақўрғон туманидаги Тошкент маҳалласида жойлашган “Usmo-pharm” МЧЖга қарашли омборхонада келиб чиқиш манбаи номаълум, сифат сертификати бўлмаган ва яроқлилик муддати ўтган дориларни сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланди.  Бунинг натижасида, омбордан тегишли ҳужжатлари йўқ 963 минг 15 дона, 1 миллиард 273 миллион 300 минг сўмни ташкил этган дори воситалари ашёвий далил сифатида олиниб, вақтинча сақлаш учун “Наманган дори дармон” акциядорлик жамияти махсус омборхонасига топширилган.  Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасининг хулосасида қайд этилишича, жамият махсус рухсатномасиз ва муддати ўтган дори воситалари реализацияси билан шуғулланган 63 турдаги дори воситаларининг яроқлилик муддати ўтган, сақлаш шароитига амал қилинмаган, икки турдагисининг мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаган, тўққиз турдаги дорилар эса давлат рўйхатидан ўтказилмаган.  Ҳозирда, А.Н.нинг ушбу ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 186 (прим 3) - моддаси, 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

  • 12 Сентябрь, 15:20
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech