15:00 (08.07.2025)
41
Қонунчилик палатаси томонидан 90 кундан ортиқ чет элда бўлиб қайтган фуқароларни ОИВ (инсон иммунитет танқислиги вируси) инфекциясига мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.
Қонун лойиҳаси билан «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги, «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги, «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги ҳамда «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунларга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган ва чет элда узлуксиз 90 кун ва ундан ортиқ муддат бўлиб қайтган Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар ОИВ инфекциясига мажбурий тиббий текширувдан ўтказилади.
Шунингдек, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистонга келаётган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам ушбу текширувдан ўтишга мажбур бўлади.
Маҳаллий фуқаролар давлат бюджети ҳисобидан, хорижликлар эса ўз маблағи, иш берувчиси ёки қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан кўрикдан ўтказилади.
Ташаббускорлар фикрича, ОИВ вируси организмда одатда 90 кун ичида аниқланадиган даражага етади. Шу боис ушбу муддат асос қилиб олинган. Маълумотларга кўра, 2024 йилда чет элдан қайтган 1,7 миллион фуқародан 434 минг нафари ихтиёрий тарзда тиббий текширувдан ўтган ва улардан 1512 нафари ОИВ инфекцияси билан касаллангани аниқланган.
Қонун лойиҳаси, шунингдек, хусусий бандлик агентликлари зиммасига фуқароларни чет элга юборишдан олдин борадиган давлат қонунчилиги ва яшаш қоидалари бўйича ўқитиш мажбуриятини ҳам юклайди.
Депутатларнинг таъкидлашича, ушбу қонун лойиҳаси ОИВ инфекцияси тарқалишини олдини олиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва меҳнат миграцияси жараёнларида ижтимоий хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда ҳам қабул қилинди ва Сенатга юборилди.