08:59 (28.02.2025)

874

Офис ходимлари бошқаларга қараганда тезроқ қариши исботланди

Яқинда ўтказилган тадқиқотлар шуни тасдиқлади: кўп вазифалар ва ишлаш, "пойга" муҳити ва ишдаги асабийлик билан боғлиқ доимий стресс "оқ ёқалилар" саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.

Жисмоний фаолликнинг етишмаслиги эса муаммони янада кучайтиради. Ҳаммаси биргаликда организмнинг тезроқ қаришига олиб келади, биологик ёшни оширади.

Сидней университетининг бир гуруҳ олимлари 37 та илмий иш натижаларини умумлаштириб, мета-тадқиқот ўтказдилар ва иш жойидаги доимий стресс ишчиларнинг руҳий саломатлигини ёмонлаштиришини аниқладилар. БМЖ журналида чот этилган якуний мақолада муаллифлар салбийликнинг асосий сабабларини санаб ўтдилар: ишни мувозанатсиз ташкил этиш (меъёрдан ортиқча ишлаш, вазифанинг кўплиги), касбий ноаниқлик, қадр-қиммат ва ходимга ҳурматнинг йўқлиги.

"Ишга бўлган юқори талаблар ва раҳбарларнинг қаттиқ назорати, ходимларнинг саъй-ҳаракатлари ва ходимлар ўртасидаги номутаносиб мукофотлаш, иш жойида ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг пастлиги - буларнинг барчаси ходимларда руҳий саломатлик муаммолари ривожланишининг юқори хавфи учун сабаб бўлади," деб ёзади иш муаллифлари.

Сурункали стресс оқибатлари аста-секин тўпланиб боради - уйқу бузилади, доимий чарчоқ ҳисси пайдо бўлади ва ходимни иш натижалари қизиқтирмай қўяди. Ва бунга қарши чора кўрилмаса эртами-кечми жиддий касалликларни келтириб чиқаради.

"Эмоционал чарчаш синдроми, руҳий ва жисмоний чарчоқ ривожланишидан ташқари, сурункали стресс таъсирида соматик касалликлар, яъни гипертония, ошқозон яра касаллиги, бронхиал астма, нейродермит ривожланади", - деб тушунтирди Пирогов университети психиатрия ва тиббий психология кафедраси профессори Сергей Игумнов.

Гарвард тиббиёт мактаби олимларининг тадқиқотлари шуни кўрсатдики, стресс саломатлигимиз остига чуқур "қазади," ҳужайра даражасидаги ўзгаришларга олиб келади, бу эса тезлашган қаришдан далолат беради. Лекин яхши янгилик шундаки, инсон организми анча эгилувчан бўлиб чиқди ва биологик ёшга таъсир қилувчи салбий омилларни йўқотиш ёки ҳеч бўлмаганда камайтириш ва ижобий омилларни қўшиш орқали организм ҳолатини ва унинг биоёшини бошқариш мумкин.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech