08:58 (23.01.2026)
606
Оддий қон таҳлили организмдаги жиддий касалликлар ҳақида огоҳлантириши мумкин. Қайси кўрсаткичлар энг муҳим экани ва беморлар қандай хатолар қилиб ташхис натижаларини бузиб қўйиши мумкинлиги ҳақида эксперт маълумотлар берди.
Биринчи кўрсаткич — глюкоза.
Қонда шакар миқдорининг кескин кўтарилиши ёки жуда пасайиб кетиши энг хавфли сигналлардан бири ҳисобланади. Глюкоза 20 ммоль/л дан юқори ёки 3 ммоль/л дан паст бўлса, гликемик кома хавфи борлигини кўрсатиши мумкин. Диабети бўлмаган одамларда ҳам шакар миқдори ўзгариши мумкин — масалан, кучли стресс, заҳарланиш ёки ўткир касалликлар пайтида.
Иккинчи кўрсаткич — гемоглобин.
Агар гемоглобин 70 г/л дан паст бўлса, бу оғир анемиядан далолат беради. Бундай ҳолатда тўқималар ва аъзолар кислородни етарли ололмайди, бу айниқса юрак ва мия учун хавфли. Беморда холсизлик, нафас қисилиши, бош айланиши бўлиши мумкин, лекин баъзан умуман яққол аломатлар бўлмаслиги ҳам мумкин.
Учинчи кўрсаткич — тромбоцитлар.
Бу ҳужайралар қон ивишига жавоб беради. Уларнинг ортиб кетиши (500–800 млрд/л) тромбоз ва қон томирларининг хавфли тиқилиб қолиши хавфини оширади. Жуда кам бўлиши (150 млрд/л дан паст) эса, аксинча, ҳатто енгил жароҳатларда ҳам қон кетиш эҳтимолини кучайтиради.
Тўртинчи кўрсаткич — креатинин.
Бу буйраклар иш фаолиятининг кўрсаткичи. Унинг кўтарилиши буйракларнинг фильтрация қилиш қобилияти пасаяётганини, ҳатто одам ҳали ўзини соғлом ҳис қилаётган босқичда ҳам, билдириши мумкин. 110–150 мкмоль/л атрофидаги кўрсаткичлар буйрак фаолиятидаги дастлабки бузилишларга ишора қилади ва қўшимча текширувни талаб этади
Бешинчи кўрсаткич — ферритин.
Ферритин организмдаги темир заҳираларини кўрсатади. Унинг паст бўлиши (15–30 нг/мл дан кам) кўпинча анемия ва доимий чарчоқ билан боғлиқ бўлади. Жуда юқори бўлиши (400 нг/мл дан ошса) эса яширин яллиғланиш ёки организмда темир ортиқча эканини кўрсатиши мумкин.
Шу билан бирга, ёмон таҳлил натижалари ҳар доим ҳам касалликни англатмайди. Кўп ҳолларда бу таҳлилга тайёргарликда йўл қўйилган хатолар сабабли юзага келади.
Эксперт энг кенг тарқалган хатоларни санаб ўтди: Масалан, таҳлилдан 12–24 соат олдин жуда қаттиқ жисмоний машқ қилиш организм учун стресс ҳисобланади. Натижада креатин киназа, АСТ, ЛДГ, С-реактив оқсил ва лейкоцитлар кўтарилиши мумкин, бу эса миокардит, мушак шикастланиши ёки сувсизланишга ўхшаш нотўғри тасаввур уйғотади. Организмга ўз ҳолатига қайтиши учун вақт керак.
Бундан ташқари, таҳлил олдидан алкоголь истеъмол қилиш глюкоза, триглицеридлар ва жигар ферментларига таъсир қилади. У қонда шакарнинг пасайиши ёки кўтарилишига сабаб бўлиши, қон плазмаси ҳажмини ўзгартириши ва биокимёвий таҳлил натижаларини бузиши мумкин.
Овқатланиш режимига риоя қилмаслик ҳам кенг тарқалган хато. Глюкоза ва липид профилини қатъий равишда оч қоринга (камида 8–10 соат овқат емасдан) топшириш керак. Аммо умумий қон таҳлили, антителалар ва гормонлар учун енгил нонуштага рухсат этилади, — деб хулоса қилди эксперт.