11:00 (25.09.2026)

111

Миллионлаб одамлар иштирокидаги тадқиқот: кўплаб касалликларга олиб келувчи асосий сабаб аниқланди

Ультра-ишлов берилган озиқ-овқат маҳсулотларини кўп миқдорда истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликлари, диабет, семириш, инсульт, депрессия, хавотирлик ва саратоннинг баъзи турлари пайдо бўлиш хавфини оширади.

Family Medicine and Community Health журналида чоп этилган янги тадқиқот муаллифлари шундай хулосага келишди.

Тадқиқотчилар бутун дунё бўйлаб деярли 9 миллион катта ёшли инсонларнинг овқатланиши ўрганилган 50 дан ортиқ илмий ишларни таҳлил қилишди. Тадқиқотлардаги кузатув даври 2 йилдан 32 йилгача давом этган. Таҳлил маълумотларига кўра, ультра-ишлов берилган овқатларни кўп истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликлари хавфининг 24% га, диабет ривожланиши эҳтимолини 24% га, семиришни эса 23% га оширган.

Қўшимча хавфлар саратон касалликлари билан ҳам боғлиқ бўлган, саратон ривожланиш эҳтимоли 12% га ошган. Депрессия ва хавотир даражаси 27 фоизга, ҳазм қилиш тизими касалликлари 31 фоизга, юқори қон босими эса 11 фоизга ошган.

Ультра-ишлов берилган озиқ-овқат маҳсулотларига нималар киради?
Ультра-ишлов берилган озиқ-овқат маҳсулотларга қадоқланган снеклар, гўштли ярим тайёр маҳсулотлар, печенье, тортлар, ширин ичимликлар ва кўплаб тайёр таомлар киради. Бундай маҳсулотлар таркибида кўп миқдорда қўшилган шакар, туз ва ёғлар бўлади ҳамда улар одатда, инсонга жуда ёқимли таъм бериш учун махсус ишлаб чиқарилади.

Шу билан бирга, ҳамма ишлов берилган овқатлар ҳам ультра-ишлов берилган маҳсулот ҳисобланмайди. Масалан, консерва қилинган сабзавотлар, пишлоқ, нон, музлатилган мева ва сабзавотлар ҳам қайта ишланиши мумкин, аммо улар саломатлик учун хавфли маҳсулотлар қаторига кирмайди.

Тадқиқотчилар ультра -ишлов берилган озиқ-овқат маҳсулотларини бутунлай рациондан чиқариб ташлашга уринмасдан, уларнинг миқдорини босқичма-босқич камайтиришни тавсия қилишади. Муқобил сифатида қўшимчаларсиз янги узилган ёки музлатилган сабзавот ва мевалар, дуккакли экинлар, ёрмалар, тухум, балиқ ҳамда қўшимча туз, шакар ва ёғ қўшилмаган гўштни танлаш мумкин.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech