Янгиликлар

not found

Инсоният ҳаёти ва саломатлигига таҳдид солувчи 10 та вирус

Баъзи вируслар миллионлаб одамларни зарарлайди, аммо нисбатан кам сонли ўлим ҳолатларига олиб келади. Бошқалари эса анча кам тарқалади, бироқ улар билан зарарланганлар учун анча хавфли ва ўлим даражаси юқори бўлади. Ушбу шарҳда касалланганлар орасида ўлим кўрсаткичи бўйича сараланган энг хавфли 10 та вирус тақдим этилган. Рўйхатнинг мутлақ “етакчиси” — қутуриш: симптомлар пайдо бўлганидан кейин ўлим эҳтимоли деярли 100 фоизга яқинлашади. Маълумотлар турли манбалардан жамланган, жумладан: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Британия Колумбияси (Канада) касалликларни назорат қилиш маркази, Австралия ҳукумати, Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази (ECDC), Reuters ахборот агентлиги ва Буюк Британия ҳукуматидан. Қутуриш ҳар йили тахминан 59 000 кишининг ҳаётига зомин бўлади: асосан Африка ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида. Вирус асосан зарарланган ҳайвонларнинг сўлаги орқали — кўпинча итлардан юқади. Самарали вакцина мавжуд бўлишига қарамай, қутуриш ҳали ҳам минглаб ўлимларга сабаб бўлмоқда. Асосий сабаб — таъсирдан кейинги профилактика (постконтакт профилактика) ва ўз вақтида даволанишга кириш имконияти чеклангани. Рўйхатдаги бир нечта вируслар вирусли геморрагик иситмаларни келтириб чиқаради — жумладан Эбола, Марбург ва Конго–Қрим геморрагик иситмаси. Бу касалликлар кўпинча оғир ички қон кетишлар ва аъзолар етишмовчилиги (органлар ишдан чиқиши) билан кечади. Эбола ва Марбург вирусларининг леталлиги тахминан 50 фоизга етиши мумкин. Уларнинг эпидемик авж олиши асосан марказий ва жанубий Африка мамлакатларида кузатилади. Фақат 2014–2016 йилларда ғарбий Африкадаги Эбола эпидемиясининг ўзи 11 000 дан ортиқ инсоннинг ҳаётига зомин бўлган ва бу воқеа эпидемияларга тайёргарлик масаласига бутун дунё эътиборини тортган. Асосан кана ва қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари орқали юқадиган Конго–Қрим геморрагик иситмаси анча кенг ҳудудларда — Евросиё ва Африкада тарқалган. Леталлиги 10–40 фоиз оралиғида бўлиб, ҳар йили 1 000–2 000 та ўлимга сабаб бўлади. Ушбу рейтингдаги вирусларнинг аксарияти зооноз — яъни ҳайвонлардан инсонга ўтадиган келиб чиқишга эга. Мевахўр кўршапалаклар Нипах ва Марбург вирусларининг табиий резервуари ҳисобланади, кемирувчилар Лухо вируси билан боғлиқ, бир ўркачли туялар эса 2012 йилда Саудия Арабистонида илк бор аниқланган MERS-CoV'нинг асосий манбаи саналади. Парранда гриппи (H5N1)  зарарланган қушлардан юқади ва одамларда тасдиқланган ҳолатлар орасида ўлим кўрсаткичи тахминан 50% ни ташкил этади — бу мавсумий гриппга қараганда анча юқори. Одамга юқиш ҳолатлари нисбатан кам учраса-да, ўлим даражасининг шунчалик юқорилиги жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотларини доимий равишда юқори ҳушёрлик ҳолатида ушлаб турибди.

  • 25 Февраль, 08:52
  • Батафсил
not found

2026 йилда қайси фармацевтик мутахассисликларга талаб юқори бўлади

Фармацевтика соҳасидаги кадрлар билан ишлашга масъул мутахассислар 2026 йилда илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш ходимларининг етишмаслиги муаммосини ҳал қилишга эътибор қаратишлари керак бўлади. Аввало, гап тадқиқот ва ишланмалар тажрибасига эга бўлган кимёгарлар, технологлар ва микробиологлар ҳақида бормоқда. Бу дори воситаларини ишлаб чиқиш лойиҳалари сони ортиб бораётгани билан боғлиқ. Ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайиши ва регулятор талабларининг кучайиши фонида сифат бўйича мутахассисларга бўлган талаб ошади. Шунингдек, тадқиқотлар ва ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш мақсадида IT мутахассислари — сунъий интеллект (AI) ишлаб чиқувчилари, BI ва Data Science мутахассисларига ҳам эҳтиёж ортиб боради. Умуман олганда, иш берувчилар меҳнат бозорига кенгроқ назар ташлашга ва қўшни соҳалардан, жумладан кимё саноати ва нефтьни қайта ишлаш тармоғидан номзодларни кўриб чиқишга тайёр. Шунингдек, ёши каттароқ мутахассислар ҳамда ихтисослашган таълимга эга битирувчиларга нисбатан ҳам қизиқиш ортиши кутилмоқда. Кадрлар етишмовчилиги шароитида малакали ходимларни сақлаб қолиш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.

  • 24 Февраль, 09:00
  • Батафсил
not found

Рамазон ва тиббий ёндашув: кимлар эҳтиёт бўлиши керак?

 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Рамазон рўзасини тутишда соғлиқ билан боғлиқ айрим масалаларга ҳам эътибор қаратишни тавсия қилади. Унга кўра, қандли диабет билан оғриганлар, ҳомиладор аёллар ва сурункали хасталиги бор шахслар рўза тутиш масаласида шифокор билан маслаҳатлашиши зарур. Жамоат намозлари ва шу каби йиғинлардаги яқин мулоқот нафас йўллари инфекцияларининг тарқалиш хавфини ошириши мумкин. Бундай вазиятларда оддий санитария қоидаларига амал қилиш орқали соғлиқни асраш мумкин. Қандли диабет Шарқий Ўртаер денгизи минтақасида энг кенг тарқалган касалликлардан бири ҳисобланади. Масалан, Мисрда 9 миллиондан ортиқ киши диабет билан яшайди ва носоғлом турмуш тарзи сабаб бу кўрсаткич ўсмоқда. Мутахассислар диабетга чалинганларга Рамазонда шифокор билан маслаҳатлашиб, хавфсиз рўза режасини тузишни тавсия этади. Қондаги қанд миқдорини мунтазам ўлчаш, ифторлик вақтида соғлом овқатланиш, шакар ва ёғни чеклаш, етарлича сув ичиш ҳамда енгил жисмоний машқлар билан чекланиш керак бўлади. Бу йил Рамазон грипп мавсумига тўғри келмоқда. Шу боис йўтал ва аксиришда оғизни тирсак билан ёпиш, қўлларни тез-тез ювиш, бетоб ҳолатда оммавий жойларга бормаслик ва шифокор тавсия қилган дори-дармонларни қабул қилиш зарур. Қариялар, ҳомиладор аёллар ва иммунитети паст шахслар юқори хавф гуруҳига киради. Эмланиш, шахсий гигиена ва тиббий маслаҳатларга амал қилиш Рамазонни хавфсиз ўтказишга ёрдам беради. Қиш мавсумида сув истеъмолини назорат қилиш ва етарлича суюқлик қабул қилиш ҳам муҳимдир. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар рўза тутиш масаласини шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда ҳал этиши лозим. Соғлом аёллар одатда рўзани асоратсиз тутиши мумкин, бироқ овқатланиш мувозанатли бўлиши шарт. Ифтор ва саҳарликда углеводлар, оқсил, витамин ва минералларга бой маҳсулотлар истеъмол қилиш, кўпроқ мева-сабзавот ейиш, сувсизланишнинг олдини олиш талаб этилади. Ҳомила ҳаракатининг камайиши, кучли қайт қилиш ёки ҳушдан кетиш каби ҳолатларда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Соғлом овқатланиш қоидалари Мутахассислар оғизни хурмо билан очишни тавсия қилади — у толага бой манба ҳисобланади. Кунига камида 10 стакан сув ичиш, шўрва, тарвуз ва кўкатли салатлар каби суюқликка бой таомларни танлаш фойдали. Қовурилган ва қайта ишланган ёғли маҳсулотлардан сақланиш, тўлиқ донли маҳсулотлар ва пиширилган ёки грилда тайёрланган гўштни афзал кўриш керак. Овқатни шошилмасдан истеъмол қилиш ортиқча ейишнинг олдини олади. Саҳарлик енгил, аммо тўйимли бўлиши айниқса қариялар, ўсмирлар ва ҳомиладорлар учун муҳим. Бу ой чекишни ташлаш учун қулай фурсат ҳисобланади. Дунёда 1,3 миллиард тамаки истеъмолчиларининг 80 фоиздан ортиғи паст ва ўрта даромадли мамлакатларда яшайди. Мутахассислар бу ойда тамаки ва никотин маҳсулотларидан бутунлай воз кечишга чақирмоқда. Чекишни ташлаган шахсда 5 йил ичида инсульт хавфи чекмайдиган одам даражасига тушади. Шу боис, Рамазон соғлом ҳаётга қадам қўйиш имконияти дегани. Рамазон — жамиятда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ойи. Хайрия ишларида кўнгилли сифатида иштирок этиш, яқинлар билан самимий мулоқот қилиш ва эҳтиёжмандларга ёрдам бериш руҳий барқарорликни оширади. Шу билан бирга, ўз саломатлигингизга ҳам эътибор беринг. Стрессни камайтириш, зарарли одатларни қисқартириш ва аниқ мақсад қўйиб, уларга босқичма-босқич эришиш соғлом турмуш тарзини шакллантиради.

  • 23 Февраль, 16:22
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech