08:52 (25.02.2026)

112

Инсоният ҳаёти ва саломатлигига таҳдид солувчи 10 та вирус

Баъзи вируслар миллионлаб одамларни зарарлайди, аммо нисбатан кам сонли ўлим ҳолатларига олиб келади. Бошқалари эса анча кам тарқалади, бироқ улар билан зарарланганлар учун анча хавфли ва ўлим даражаси юқори бўлади.

Ушбу шарҳда касалланганлар орасида ўлим кўрсаткичи бўйича сараланган энг хавфли 10 та вирус тақдим этилган.

Рўйхатнинг мутлақ “етакчиси” — қутуриш: симптомлар пайдо бўлганидан кейин ўлим эҳтимоли деярли 100 фоизга яқинлашади.

Маълумотлар турли манбалардан жамланган, жумладан: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Британия Колумбияси (Канада) касалликларни назорат қилиш маркази, Австралия ҳукумати, Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази (ECDC), Reuters ахборот агентлиги ва Буюк Британия ҳукуматидан.

Қутуриш ҳар йили тахминан 59 000 кишининг ҳаётига зомин бўлади: асосан Африка ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида. Вирус асосан зарарланган ҳайвонларнинг сўлаги орқали — кўпинча итлардан юқади. Самарали вакцина мавжуд бўлишига қарамай, қутуриш ҳали ҳам минглаб ўлимларга сабаб бўлмоқда. Асосий сабаб — таъсирдан кейинги профилактика (постконтакт профилактика) ва ўз вақтида даволанишга кириш имконияти чеклангани.

Рўйхатдаги бир нечта вируслар вирусли геморрагик иситмаларни келтириб чиқаради — жумладан Эбола, Марбург ва Конго–Қрим геморрагик иситмаси. Бу касалликлар кўпинча оғир ички қон кетишлар ва аъзолар етишмовчилиги (органлар ишдан чиқиши) билан кечади.

Эбола ва Марбург вирусларининг леталлиги тахминан 50 фоизга етиши мумкин. Уларнинг эпидемик авж олиши асосан марказий ва жанубий Африка мамлакатларида кузатилади. Фақат 2014–2016 йилларда ғарбий Африкадаги Эбола эпидемиясининг ўзи 11 000 дан ортиқ инсоннинг ҳаётига зомин бўлган ва бу воқеа эпидемияларга тайёргарлик масаласига бутун дунё эътиборини тортган.

Асосан кана ва қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари орқали юқадиган Конго–Қрим геморрагик иситмаси анча кенг ҳудудларда — Евросиё ва Африкада тарқалган. Леталлиги 10–40 фоиз оралиғида бўлиб, ҳар йили 1 000–2 000 та ўлимга сабаб бўлади.

Ушбу рейтингдаги вирусларнинг аксарияти зооноз — яъни ҳайвонлардан инсонга ўтадиган келиб чиқишга эга. Мевахўр кўршапалаклар Нипах ва Марбург вирусларининг табиий резервуари ҳисобланади, кемирувчилар Лухо вируси билан боғлиқ, бир ўркачли туялар эса 2012 йилда Саудия Арабистонида илк бор аниқланган MERS-CoV'нинг асосий манбаи саналади.

Парранда гриппи (H5N1)  зарарланган қушлардан юқади ва одамларда тасдиқланган ҳолатлар орасида ўлим кўрсаткичи тахминан 50% ни ташкил этади — бу мавсумий гриппга қараганда анча юқори. Одамга юқиш ҳолатлари нисбатан кам учраса-да, ўлим даражасининг шунчалик юқорилиги жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотларини доимий равишда юқори ҳушёрлик ҳолатида ушлаб турибди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech