16:10 (03.11.2025)
52
Ўзбекистонда тадбиркорларга асоссиз жарималар қўллангани учун жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда. Бунга бундай амалиёт кўп учраши ва бу учун жазо йўқлиги сабаб қилиб келтирилмоқда.
Бизнес омбудсман томонидан тадбиркорлик субъектига нисбатан асоссиз равишда жарималар қўллаган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси жамоатчилик учун эълон қилинди.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 241−11-моддаси билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан асоссиз равишда молиявий жарималар қўллаш, агар бундай ҳолат суд томонидан қонунга хилоф деб топилса базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бизнес омбудсманнинг маълум қилишича, 2024 йил давомида тадбиркорлик субъектлари томонидан асоссиз равишда қўлланган молиявий жарималар бўйича судларга жами 6370 та шикоят аризаси келиб тушган. Уларнинг 5280 таси биринчи инстанция судлари томонидан тўлиқ қаноатлантирилиб, натижада қарийб 1,4 трлн сўм миқдордаги молиявий жарималар бекор қилинган.
2025 йилнинг биринчи ярмида эса судларга 4738 та шикоят келиб тушган бўлиб, уларнинг 3755 таси қаноатлантирилган ва натижада қарийб 3,1 трлн сўм миқдордаги жарималар бекор қилинган.
«Юқорида келтирилган маълумотларга кўра, тадбиркорлик субъектларига нисбатан назорат қилувчи органлар томонидан асоссиз равишда молиявий жарималар қўлланиши ҳолатлари амалиётда кўп учрамоқда ва ушбу жарималарни нотўғри қўллаганлик юзасидан қонунчиликда маъмурий жавобгарлик белгиланмаган», — дейди қонун лойиҳаси муаллифлари.
«Судлар томонидан кўриб чиқилган шикоятларнинг асосий қисми тадбиркорлик субъектлари фойдасига ҳал этилгани ва триллионлаб сўм миқдордаги жарималар бекор қилинганлиги, мазкур муаммонинг долзарблиги ҳамда тизимли ечим зарурлигини тақозо этмоқда», — дейилади лойиҳа ҳужжатида.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси 9 ноябргача давом этади.