14:42 (22.10.2025)

63

50 турдаги саратонни эрта босқичда аниқловчи қон таҳлили синовдан ўтказилди

Тест 99 фоиз ҳолларда инсонда саратон йўқлигини тўғри ташхислаган. Шунингдек, у ўсимта пайдо бўлган жойни 10 та ҳолатдан 9 тасида хатосиз топган. 

Шимолий Америкадаги тадқиқотда 50 дан ортиқ турдаги саратонни аниқлай оладиган қон тести синовдан ўтказилди.

Тажриба давомида АҚШ ва Канадада 25 минг киши иштирок этган. Уларнинг орасида ҳар 100 кишидан бирида тест саратон мавжудлигини кўрсатган. Кейинчалик текширилганда тадқиқот иштирокчиларининг ярмидан кўпи, яъни 62 фоизида ҳақиқатан ҳам саратон борлиги аниқланган.

Тест натижаларига кўра, саратон аниқланган беморларнинг ярмидан кўпида хасталик ривожланиши эрта босқичда бўлган. Тест 99 фоиз ҳолларда саратон йўқлигини тўғри ташхислаган ва у саратон бошланган жойни 10 та ҳолатдан 9 тасида тўғри топган.

Энг муҳим томони, аниқланган саратонларнинг тўртдан уч қисми ҳозирча ҳеч қандай скрининг дастури бўлмаган турлар, масалан, тухумдон, жигар, ошқозон, сийдик пуфаги ва ошқозоности бези саратони ҳисобланади.

Тестнинг номи Галлери бўлиб, уни АҚШнинг Grail компанияси ишлаб чиққан. Мазкур тест саратон ўсимтасидан ажралган DNK бўлакларини қон орқали аниқлайди. У ҳозирда Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати (NHS) томонидан ҳам синовдан ўтказилмоқда.

Галлери тести кўкрак, ўпка, ичак ва бачадон бўйни саратони учун ўтказиладиган одатий текширувлар (скрининглар) билан биргаликда қўлланганда саратон ҳолатларини аниқлаш даражаси етти баравар ошган. Яъни бу тест бошқа скрининглар билан бирга ишлатилса, саратонни эрта ташхислаш имконияти ортади. Бироқ мутахассислар ҳали ҳам қўшимча далиллар кераклигини айтишмоқда.

Буюк Британия Саратон тадқиқотлари ташкилот (Cancer Research UK) экспертлари фикрича, баъзан тестлар организмга зарар етказмайдиган ҳолатларни ҳам саратон деб кўрсатиши мумкин. Шунинг учун эҳтиёткорлик билан ёндашиш ва қўшимча тадқиқотлар ўтказиш зарур.

Келаси йили Англияда 140 минг бемор иштирокидаги уч йиллик синов натижалари эълон қилинади. Агар натижалар яхши чиқса, тест яна 1 миллион кишига қўлланади.

“Беморларнинг кўпи саратон кеч аниқлангани учун ҳаётдан кўз юмади. Мақсадимиз касалликни эрта аниқлаб, даволаш имкониятини оширишдан иборат”, – дейди Grail компанияси вакили Сир Ҳарпал Кумар.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech