Реимбурсация дастури: Давлат тиббий суғуртаси орқали аҳолига берилаётган бепул дори воситалари
Миллий матбуот марказида “Реимбурсация дастури: давлат тиббий суғуртаси орқали аҳолига берилаётган дори воситалари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази масъуллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Матбуот анжуманида "Дори-Дармон" АК чакана савдони ривожлантириш директори Абдувоҳид Инагамов реимбурсация тизими доирасида компанияда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги ПҚ-311-сон “Давлат тиббий суғурта механизмларини жорий этишга оид чора тадбирлар тўғрисида” ги Қарорига асосан тиббий суғурта механизмлари доирасида вилоятларда, хусусан Сурхондарё, Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент ва Жиззах вилоятларида электрон рецепт тизимини жорий этиш, дорихона ва дорихона шохобчаларини реимбурсация дастурига улаш ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунда “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси ва унинг тизимидаги жамиятларга қарашли 481 та дорихона ва дорихона шохобчаларида реимбурсация дастури мавжуд.
Хусусан, “Қарақалпақ Даъри-Дармақ”нинг 18 та, “Бухоро Дори-Дармон”нинг 104 та, “Хоразм Дори-Дармон”нинг 89-та, “Самарқанд Дори-Дармон”нинг 58 та, “Навоий Дори-Дармон”нинг 39 та, “Қашқадарё Дори-Дармон” нинг 48 та, “Андижон Дори-Дармон”нинг 9 та, “Сурхон Дори-Дармон”нинг 23 та дорихонасидан электрон рецепт асосида дори воситалари олиш мумкин.
Бундан ташқари Сирдарё минтақавий бўлинмамизда 47 та ва Тошкент шаҳрида компаниянинг 32 та ва “Ўзбекистон Дори таъминоти”нинг 14 та дорихона ва дорихона шохобчалари ҳам реимбурсация дастури бўйича иш олиб бормоқда. Ва бу ишлар барча вилоятлардаги жамиятларимизда изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Яқин кунларда Фарғона, Наманган, Тошкент ва Жиззах вилоятларида ҳам ҳудудий жамиятларимизга қарашли дорихоналар реимбурсация асосида иш олиб боришни бошлайди.
2025 йил давомида компания ва ҳудудлардаги жамиятларимизнинг реимбурсация дастурига уланган дорихоналари орқали, тезкор маълумотларга кўра, 28,3 млрд сўмлик дори воситалари электрон рецепт орқали беморларга бепул берилди.
Ҳозирда реимбурсация дастурига гипертония, юрак-ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2 тури, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив хасталиги киритилган бўлиб, уларга чалинган беморларга оилавий шифокор ёзган электрон рецепт асосида дорихоналар орқали 28 турдаги дори-дармонлар бепул берилмоқда.
Тавсия қилинаётган дорилар сурункали касалликка чалинган беморларга амбулатор шароитда даволаниши, касалланиш даражасини камайтириш учун қўлланилибгина қолмай, сурункали касалликларнинг белгилари ва асоратларини камайтиришга, беморнинг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Матбуот анжуманида А. Инагамов қуйидагиларни алоҳида таъкидлади:
- Шу ўринда тушунтириш бермоқчиман, Реимбурсация асосида кафолатланган пакет доирасида электрон рецепт билан бериладиган дори воситалари дорихоналар томонидан аҳолига бепул тақдим этилади ва қилинган сарф-харажатлар дорихоналарга Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан тўлаб берилади.
2025 йил 16 декабрдан дорихоналар орқали электрон рецепт билан берилаётган антибиотиклар ва тизимли таъсир этувчи синтетик антибактериал дори воситалари ҳамда гармонал дори воситалари эса беморлар томонидан харид қилинади.
“Электрон рецепт” модулининг моҳияти шундаки, тизим дориларнинг дозаси ва шаклини ҳисобга олган ҳолда Халқаро патентланмаган номи билан электрон рецепт ёзишни таъминлайди. Рецепт асосида дорини маркировка қилинган ҳолда сотиш имконини беради. Барча жараёнлар автоматлаштирилади, инсон омили камаяди. Беморлар DMED мобил илова орқали ўз рецептларини кузатиб бориши мумкин бўлади.
- 10 Февраль, 17:00
- Батафсил