Янгиликлар

not found

Пластик буюмлар таркибидаги кимёвий моддалар эрта туғуруқларга сабаб бўлади — тадқиқот

Олимлар кундалик ҳаётимизда кенг қўлланадиган пластик буюмлар таркибидаги кимёвий моддалар ва муддатидан олдин туғилишлар ўртасидаги боғлиқликни аниқлади. Бу ҳақда NYU Langone Health тадқиқотчилари ўтказган янги изланишга таяниб Euronews хабар берди. Тадқиқотга кўра, DEHP (ди-2-этилгексилфталат) деб аталадиган токсин дунё бўйлаб қарийб 2 миллионта муддатидан олдин туғилиш ҳолатига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Мазкур модда косметика воситалари, ювиш воситалари, ҳашаротларга қарши препаратлар ва бошқа кўплаб маиший маҳсулотлар таркибида учрайди. Ҳисоб-китобларга кўра, биргина 2018 йилнинг ўзида ушбу модда таъсири туфайли 1,97 миллион чақалоқ вақтидан олдин туғилган ва қарийб 74 минг гўдак вафот этган. Пластик қандай қилиб туғуруқни тезлаштиради? Мутахассисларнинг тушунтиришича, фталатлар ҳомиладорликни тартибга солувчи гормонлар фаолиятини бузади. Бу эса йўлдошда яллиғланиш ва стрессни келтириб чиқариб, туғуруқ жараёнининг муддатидан олдин бошланишига туртки бўлади. Энг кўп зарар кўраётган ҳудудлар Тадқиқот дунёнинг 200 дан ортиқ давлатидаги маълумотларни қамраб олган. Маълум бўлишича, DEHP таъсирининг ярмидан кўпи Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё давлатлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу ушбу ҳудудларда саноатлашувнинг тезлашгани ва пластикдан фойдаланиш даражаси юқорилиги билан изоҳланади. Африкада эса ҳолатлар сони камроқ бўлса-да, тиббий хизмат сифатининг пастлиги сабабли чақалоқлар ўртасида ўлим кўрсаткичи анча юқори. Муаммо нимада? Олимлар бир хавфли модданинг ўрнига бошқасини (масалан, DiNP) қўллаш муаммони ҳал қилмаслигини таъкидламоқда. Фойдаланишга киритилган янги моддалар ҳам худди шундай салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 37 ҳафтадан олдин туғилган болаларда умр давомида ўрганиш ва ривожланиш билан боғлиқ муаммолар учраш хавфи юқори бўлади. Муддатидан олдин туғилиш дунёда гўдаклар ўлимининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда.

  • 9 Апрель, 14:00
  • Батафсил
not found

Nutrients: қонда магний миқдорининг пастлиги диабетда кўриш қобилятининг пасайиш хавфини оширади

Қонда магний миқдорининг пастлиги қандли диабетнинг энг кўп учрайдиган асоратларидан бири — диабетик ретинопатияривожланиши билан боғлиқ эканлиги аниқланди. Бу ҳолатда кўзнинг қон томирлари зарарланади. Бу Саудия Арабистонидаги Қирол Абдул-Азиз университети тадқиқотчилари томонидан эришилган хулоса.  Тадқиқот натижалари Nutrients журналида эълон қилинди. Олимлар 17 та тадқиқот маълумотларини таҳлил қилишди, унда 2200дан ортиқ киши иштирок этган. Натижада, диабетик ретинопатияси бўлган беморларда қонидаги магний миқдори диабетик ретинопатиясиз беморларга нисбатан сезиларли даражада паст эканлиги аниқланди. Шунингдек, бу боғлиқлик тадқиқот ўтказилган ҳудуд ёки ўлчов усулидан қатъий назар сақланиши аниқланди. Қўшимча таҳлиллар шуни кўрсатдики, магний етишмовчилиги диабетик ретинопатиянинг оғирроқ — пролифератив шаклида кўпроқ номоён бўлади. Бу магний даражаси нафақат касаллик пайдо бўлиш хавфи билан, балки унинг ривожланиши билан ҳам боғлиқлигини кўрсатади. Тадқиқотчилар таъкидлашича, магний инсулин ишлаши, энергия алмашинуви ва қон томирларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Унинг етишмаслиги оксидловчи стрессни, яллиғланишни ва кўзнинг тўр пардаси томирларига зарар етказишни кучайтириши ва охир-оқибат асоратлар ривожланишига ҳисса қўшиши мумкин. Тадқиқот муаллифларининг фикрига кўра, магний даражаси диабетик ретинопатия учун потенциал хавф белгиси деб ҳисобланиши мумкин. Уларнинг фикрича, кейинги тадқиқотлар магний етишмовчилигини тузатиш диабет билан оғриган беморларда ушбу асоратни ривожланиш эҳтимолини камайтириши мумкинлигини тушунишга ёрдам беради.

  • 8 Апрель, 09:00
  • Батафсил
not found

Соҳибқироннинг шахсий шифокори ким бўлган?

Соҳибқирон Амир Темур даврида Турон заминида барча соҳалар қатори тиббиёт ҳам тараққий этган. Тарих фанлари номзоди Маъмура Сулайманова Амир Темур ва темурийлар даврида фаолият юритган тиббиёт муассасалари ва табиблар ҳақида маълумот берди.  Унинг таъкидлашича, Амир Темур даврида ҳар бир шаҳарда шифохона бўлган, уларда билимли ва тажрибали табиблар ишлаган.  Жумладан, Самарқандда “Дор уш-шифо” номли йирик касалхона бўлиб, унга ўз замонасининг таниқли табиби Мир Саййид Шариф Шерозий раҳбарлик қилган. Бу даврда мамлакатда Хисомиддин Иброҳим Кирмоний, Мавлоно Файзуллоҳ Табризий, Мансур ибн Муҳаммад каби йирик табиблар яшаб ўтган.  Тарихий маълумотларга кўра, Мавлоно Файзуллоҳ Табризий Амир Темурнинг шахсий табиби бўлган. У Соҳибқироннинг барча сафарларида бирга бўлар эди.  Амир Темур ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар ва муҳандисларни салтанат корхонасига ривож берувчилар, деб атаган.  “Темур тузуклари”да шундай дейилади: “Ҳакимлар ва табиблар билан иттифоқда беморларни даволатар эдим”. Бундан кўринадики, Темур қўшинларида ярадор ва бемор жангчиларни даволовчи шифокорлар бўлган.  Мирзо Улуғбек даврида эса табиблар ўртасида моҳир жарроҳлар ҳам бор эди. Улардан бири — Тожиддин Ҳаким анча мураккаб операцияларни ҳам қилган. Масалан, кўз катарактасини жарроҳлик йўли билан муваффақиятли даволаган.  Бу табиб операциядан олдин жарроҳлик асбобларини олов устида қиздириб олиб, сўнг ишлатган. Амалиёт вақтида эса қўлини тез-тез майда қилиб тўғралган пиёзга ботириб оларкан.  Маълумки, пиёзда микробларни ўлдирувчи фитоцидлар бўлади. Ўтда қиздирилган асбоб эса тамомила микробдан ҳоли бўлади (стерилизацияланади). Бу жиҳатдан, Тожиддин Ҳакимни Ўрта Осиёда антисептика усулининг асосчиси, деса бўлади.

  • 7 Апрель, 12:00
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech