13:00 (26.08.2025)
156
АҚШ Стенфорд тиббиёт университети тадқиқотчилари аутизмни даволашда катта ютуқларга эришди. Улар атиги бир доза билан аутизм аломатларини бартараф этадиган янги дори воситасини кашф этган.
Science Advances журналида чоп этилган янги тадқиқотда, сичқонларда аутизм спектрининг бузилишини (PAC) ўрганиш натижасида, тадқиқотчилар таламуснинг сенсор маълумотларни қайта ишлаш учун масъул бўлган ретикуляр ядросидаги гиперактивлик аутистик хатти-ҳаракатлар билан боғлиқлигини аниқлади.
Олимлар сичқонларга уликсакалтамид номи билан ҳам маълум бўлган Z944 препаратини, эпилепсияни даволашда қўлланилиши мумкин бўлган воситани — юборишди. Тажриба натижалари ҳайратланарли бўлди: препарат миядаги ушбу фаол соҳанинг фаолиятини сусайтирди ва аутизм аломатларини бартараф этди.
"Олимлар аниқлашича, препаратни сичқонларга бир марта юборишнинг ўзиёқ аутизм билан боғлиқ бир қатор белгиларни бартараф этади. Булар қаторига ёруғлик ва овозга нисбатан ортиқча сезувчанлик, ўзини ўзи стимуляция қилиш, такрорий ҳаракатлар, ижтимоий муаммолар ҳамда тутқаноқ хавфининг ошиши киради."-дейилади мақолада.
Тадқиқот натижалари шундан далолат берадики, эпилепсия ва аутизмни назорат қилувчи миядаги жараёнлар ўзаро боғлиқ бўлиши мумкин. Мутахассислар фикрича, аутизмли инсонларда эпилепсия ривожланиш хавфи умумий аҳолига нисбатан 30 баробар юқори. Бу ҳолат вақт ўтиши билан когнитив функцияларни ёмонлаштириши, нутқ ва ижтимоий кўникмаларнинг орқага кетишига олиб келиши мумкин.
Олимлар таъкидлашича, Z944 препарати келажакда ҳам аутизм, ҳам эпилепсияни даволашда қўлланилиши мумкин. Бироқ, бу дори ҳозирча кенг омма учун фойдаланишга тайёр эмас — у ҳалигача эпилепсия бўйича клиник синовлардан ўтмоқда. Шунингдек, бу препарат одамларда қандай натижа бериши ҳозирча номаълум.