Янгиликлар

not found

ЖССТ: Парацетамол ва аутизм ўртасидаги боғлиқликни тасдиқлайдиган ишончли илмий далиллар мавжуд эмас

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аутизм билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан расмий баёнот эълон қилди. Ташкилот маълум қилишича, ҳозирги пайтда ҳомиладорлик даврида парацетамол (ацетаминофен) қабул қилиниши ва аутизм ривожланиши ўртасида боғлиқлик мавжудлигини тасдиқлайдиган ишончли илмий далиллар мавжуд эмас. Аутизм спектри бузилишлари — бу бош мия ривожланишидаги турли хил неврологик бузилишларни ўз ичига олган ҳолат бўлиб, дунё бўйлаб тахминан 62 миллион нафар инсон ушбу ҳолат билан яшамоқда. Ҳар 127 кишидан 1 нафарига аутизм спектридаги ташхис қўйилган. ЖССТ маълумотига кўра, аутизмнинг аниқ сабаблари ҳали ҳам тўлиқ аниқланмаган. Ҳомиладорлик давридаги дори воситаларини қабул қилиш билан боғлиқ масалалар сўнгги ўн йилда кўплаб илмий тадқиқотлар мавзусига айланган. Шу билан бирга, ҳозирча парацетамол билан аутизм ўртасида боғлиқликни тасдиқловчи аниқ илмий асослар йўқ. ЖССТ барча аёлларга ҳомиладорлик пайтида дори воситаларини фақат шифокор тавсияси асосида, эҳтиёткорлик билан қабул қилишни тавсия этади. Айниқса, ҳомиладорликнинг биринчи уч ойида шифокор назорати муҳим ҳисобланади. Вакциналар ва аутизм ўртасида ҳам боғлиқлик йўқ Ташкилот, шунингдек, болаларни вакцинация қилиш ва аутизм ривожланиши ўртасидаги боғлиқлик ҳақида тарқалган нотўғри маълумотларни рад этди. 1999 йилдан буён ЖССТ билан ҳамкорлик қилувчи мустақил мутахассислар бир неча марта вакциналар, жумладан, тиомерсал ёки алюминий сақловчи препаратлар аутизм ёки ривожланишдаги бошқа нуқсонларга олиб келмаслигини исботловчи далиллар билан тасдиқлаган. Болаларни эмлаш бўйича тақвимлар ЖССТ методик раҳбарлигида, халқаро экспертлар ва мамлакатлар иштирокида, илмий далилларга асосланган ҳолда ишлаб чиқилади. Бу тақвимлар сўнгги 50 йил мобайнида 154 миллиондан ортиқ инсоннинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берган. Эмлашнинг белгиланган муддатларини кечиктириш ёки бузиш, далилларга таянмасдан ўзгартириш инфекцион касалликларнинг фақат болалар эмас, балки бутун жамият орасида тарқалиш хавфини кескин оширади. Айниқса, эмлаш ёшига етмаган чақалоқлар ва иммунитети паст шахслар бу ҳолатда катта хавф остида қолади. Аутизм ва асаб тизимининг ривожланишидаги бузилишлар 2025 йил 25 сентябр куни БМТнинг руҳий саломатлик ва юқумли бўлмаган касалликлар бўйича тўртинчи юқори даражали йиғилишида муҳокама қилинди. ЖССТ аутизм муаммосини чуқурроқ ўрганиш, аутизм билан яшовчи шахслар ва уларнинг оилалари эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

  • 25 Сентябрь, 17:30
  • Батафсил
not found

Наманганда 15 млрд сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситаларининг савдога чиқарилишини олди олинди

Мамлакатимизга ноқонуний йўллар билан олиб келинган ва сифати кафолатланмаган дори воситаларининг савдосига чек қўйиш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Божхона органлари билан ҳамкорликда Наманган вилоятида тезкор тадбирлар ўтказилди. Жумладан, Косонсой туманида истиқомат қилувчи, 1986 й.т. шахс давлат реестридан ўтмаган, мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмаган, Ҳиндистон давлатида ишлаб чиқарилган 2100 дона қутидаги “Ферромед” номли дори воситасини “шартли” харидорга 168 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш хонадонидан ҳам 4296 қутидаги “Ферромед” дори воситаси олинди. Баҳолаш ҳисоботига кўра, жами 6396 қутидаги дори воситаларининг умумий қиймати 1 млрд 223 млн сўмни ташкил этади. Ҳозирда қонунбузарга нисбатан Жиноят Кодексининг 186³ -моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  Наманган шаҳрида қайд этилган ҳолатда дори воситалари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ омбор мудири ва унинг 2 нафар танишига қарашли 3 та нотурар бино кўздан кечирилди. Натижада, тегишли ҳужжатлари бўлмаган, тахминий қиймати 12,8 млрд сўмдан ортиқ, 2307 турдаги, жами 195.323 дона контрафакт дори воситалари мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди. Ҳозирда ушбу дори воситаларига нисбатан судга оид кимёвий, товаршунослик экспертизалари тайинланди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бошқа ҳолатда эса Наманган шаҳри ва Уйчи туманидаги 2 та “яширин омбор”дан хорижда ишлаб чиқарилган, тахминий қиймати 1,2 млрд сўмлик, 128 турдаги жами 45.641 дона дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди. Таъкидлаш лозимки, сифат сертификатларига эга бўлмаган ушбу дори воситаларининг айримларини яроқлилик муддати ўтган. Ҳозирда ушбу дори воситалари экспертизага юборилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

  • 25 Сентябрь, 14:00
  • Батафсил
not found

БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Зироат Мирзиёева раислигида болалар онкологияси бўйича халқаро форум бўлиб ўтди

«Саратон ва бошқа ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлигини ошириш ва азоб-уқубатларини камайтириш бўйича глобал ҳаракат» мавзусидаги ушбу тадбир Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва «St. Jude» болалар тадқиқот шифохонаси билан биргаликда ташкил этилди. Ню-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясининг олий даражадаги ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, St. Jude болалар тадқиқот шифохонаси ҳамда "Замин" фонди ҳамкорликда "Саратон ва бошқа ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлигини ошириш ва азоб-уқубатларини камайтириш бўйича глобал ҳаракат" мавзусида тадбир ўтказди. Унда Зироат Мирзиёева иштирок этди. "Замин" фонди Васийлик кенгаши раиси иштирокчиларга мурожаат қилар экан, шундай деди: "Ҳозирги вақтда дунё бўйлаб икки миллиарддан зиёд болалар юқумли бўлмаган касалликлар хавфи остида ёки улардан азият чекмоқда. Бу — сайёрамиз аҳолисининг қарийб учдан бир қисми демакдир. Миллионлаб болалар саратонга қарши курашмоқда. Замонавий тиббиёт ютуқларига қарамай, яшовчанлик даражаси турли минтақаларда кескин фарқ қилади: ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 80 фоиздан юқори бўлса, ривожланаётганларда 30 фоиздан ҳам паст. Бундай тафовут мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат. Бундай фожиаларнинг олдини олиш учун чора кўришимиз зарур". Тадбирда Туркия, Озарбайжон, Ангола, Ветнам, Гватемала, Сербия биринчи хонимлари, Ливан Бош вазирининг рафиқаси; ЖССТ бош директори, ЭКОСОС президенти, "Сент Жуд" болалар тадқиқот шифохонаси президенти, Туркия, Ангола, Арманистон, Бангладеш, Мозамбик, Доминикан Республикаси, Нигерия, Қозоғистон, Қатар, Конго Республикаси, Қирғизистон, Малта, Мўғулистон, БАА, Перу, Тожикистон, Тимор-Лесте, Тувалу, Чад, Ямайка соғлиқни сақлаш вазирлари, Венгрия, Индонезия, Россия, Танзания соғлиқни сақлаш тузилмалари раҳбарияти, халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамжамияти ва фуқаролик жамияти вакиллари, оғир касалликларга чалинган болалар иштирок этди. Улар орасида "Меҳрли мактаб" мактабининг ёш битирувчиси ва кўнгиллиси Самира Идрисова ўз ҳаёти ҳақида самимий ҳикоя қилиб берди. Иштирокчилар адолатли, интеграциялашган ва маҳаллий ресурсларга асосланган соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантириш орқали 2030 йилга қадар саратонга чалинган болаларнинг яшовчанлик кўрсаткичини 60 фоизга етказиш борасидаги қатъий интилишларини тасдиқладилар. Шунингдек, болаларда саратон касалликларини даволашдаги ютуқларни қўллаб-қувватлаш ва ўроқсимон ҳужайрали анемияга қарши глобал ташаббусни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.

  • 25 Сентябрь, 10:45
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech