09:00 (24.09.2025)

816

Ойда бир марта қўлланиладиган артритга қарши янги дори воситаси ишлаб чиқилди

Россия Фанлар академиясининг эритмалар кимёси институти олимлари «ақлли» гидрогеллар асосида ревматоид артритга қарши дори воситасининг янги шаклини ишлаб чиқди.

Уни ойига бир марта қўллаш мумкин. Методика дори воситасини яллиғланган жойга аниқ ва назорат қилинган тарзда чиқариш учун ишлаб чиқилган.

Олимларнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда артритни даволаш учун мўлжалланган дори воситалари, асосан, таблетка шаклида ишлаб чиқарилади. Бироқ, овқат ҳазм қилиш тизими орқали ўтганида фаол модданинг катта қисми йўқолади ва барқарор таъсирга эришиш учун дорини тез-тез қабул қилиш талаб этилади.

Инъекциялар тезроқ таъсир қилади, аммо юқори дозалар ножўя таъсирларга олиб келиши мумкин.

Янги ишланма – бу организмга кирганида гелга айланувчи плюрониклар номли полимерлардан иборат суюқ эритма ҳисобланади. Олимлар ушбу гел таркибига яллиғланишга қарши восита — лефлуномид препаратини қўшишди.

Янги даволаш усули инсон бўғимининг синовиал суюқлигига яқин муҳитда аллақачон синовдан ўтказилди.

Гелнинг юқори қовушқоқлиги туфайли дори воситаси секин ва йўналтирилган ҳолда чиқарилди. Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, бундай усулдан фойдаланиш инъекциялар сонини ойига бир мартагача камайтириш имконини беради.

Тизим, шунингдек, фаол моддани "қадоқлайдиган" тузилмалар — мицеллаларни шакллантириш орқали ёмон эрийдиган дориларнинг эрувчанлигини яхшилаш имконини берди.

«Олинган геллар хоссаларининг ўзгарувчанлиги лефлуномиднинг оптимал дозасини бериш ва уни организмга назорат остида киритиш имкониниберади», деди лаборатория илмий ходими, кимё фанлари номзоди Михаил Агафонов

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech