08:59 (30.10.2025)
40
Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология марказида Марказий Осиёда илк бор ҳашарот чақиши билан боғлиқ оғир аллергияларга қарши иммунотерапия усули йўлга қўйилди.
Анафилактик шок ҳолатларининг 20–30 фоизи ҳашаротлар чақиши сабабли юзага келади. Агар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмаса, бундай беморларнинг ҳаёти ўлим билан якунланиши мумкин.
Ҳашаротлар чақиши туфайли ривожланадиган оғир аллергик ҳолат танада кучли ҳолсизлик, тери оқариши, қичишиш, қаварчиқлар ва ангионевротик шиш, нафас қисиши, қон босимининг кескин тушиши, ҳушдан кетиш каби белгилар билан намоён бўлади. Кузатувларимизга кўра, бу турдаги аллергия болаларга нисбатан катталарда кўпроқ учрайди.
Янги усул аллерген специфик иммунотерапия (АСИТ) — ҳаёт учун хавфли бўлган бундай ҳолатларнинг олдини олиш имконини берувчи ягона самарали усул ҳисобланади.
Ушбу муолажа турида аллергенлар(масалан, ари заҳри, ўсимлик чанги)нинг тузли-сувли эритмаси бемор организмига кичик дозаларда титрлаб юборилади. Шундан сўнг специфик антитана миқдори камайиши, яъни аллергенга нисбатан жавоб реакцияси пасайиши кузатилади.
Натижада қондаги умумий IgE миқдори озайиб, блокловчи антитана — IgG4 кўпаяди. Шу тариқа касаллик симптомлари камаяди ва ҳатто хасталик беморни умуман безовта қилмайди. Худди шу иммунотерапия ёрдамида ҳаёт учун хавфли бўлган анафилактик реакциялар ривожланишининг олди олинади.
Бу тажриба ҳозирча фақат Грузия ва Туркияда амалга оширилган бўлиб, эндиликда Ўзбекистон улар қаторига қўшилди.