09:00 (05.09.2025)
41
Бош прокуратура ҳузуридаги Наманган вилояти бошқармаси, ДХХ ҳамда Божхона ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Унда айтилишича, ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Т.Н. Давлатобод тумани, «Тўқувчи» МФЙда жойлашган нотурар бинода яширин цех ташкил этиб, дори воситаларини сақлаш шароитларига амал қилмасдан дори воситаларни қадоқлаш фаолияти билан шуғулланиб келганлиги фош қилинган.
Маълум бўлишича, фуқаро Т.Н. ушбу цехдан умумий баҳоси 952 миллион сўмлик 16 турдаги жами 22 минг 142 қути сифати кафолатланмаган дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Шу каби яна бир ҳолат, департаментнинг Марҳамат туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланган.
Унга кўра, фуқаро М.Қ. Марҳамат тумани «Миришкор» МФЙ ҳудудида жойлашган бинода ҳеч қандай ҳужжатларсиз хорижда ишлаб чиқарилган сифати кафолатланмаган мувофиқлик сертификати бўлмаган умумий баҳоси 136,9 миллион сўмлик 646 турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилди.