15:20 (12.09.2025)

54

Яна бир қалбаки дори воситалари билан боғлиқ ҳолат аниқланди

Юртимизда сифатсиз ёки қалбаки дори воситаларини ўтказиш мақсадида олиш, сақлаш ва ташиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш қонун билан таъқиқланган.

Лекин, шунга қарамай жамиятда қонунни менсимасдан ўз қабиҳ режасини бажаришга уринаётган, бу билан инсонлар саломатлигига путур етказишни ўйлаб кўрмайдиган кимсалар ҳам учраётганлиги ачинарли. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Наманган вилояти бошқармаси ва вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида салбий ҳолатларни бартараф этишга қаратилган тезкор тадбир ўтказилди. 

Унда “Lucky biznes farm” МЧЖ раҳбари А.Н. дори воситаларини реализация қилиш фаолиятини амалга ошириш учун махсус рухсатнома олмаган ҳолда, Тўрақўрғон туманидаги Тошкент маҳалласида жойлашган “Usmo-pharm” МЧЖга қарашли омборхонада келиб чиқиш манбаи номаълум, сифат сертификати бўлмаган ва яроқлилик муддати ўтган дориларни сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланди. 

Бунинг натижасида, омбордан тегишли ҳужжатлари йўқ 963 минг 15 дона, 1 миллиард 273 миллион 300 минг сўмни ташкил этган дори воситалари ашёвий далил сифатида олиниб, вақтинча сақлаш учун “Наманган дори дармон” акциядорлик жамияти махсус омборхонасига топширилган. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасининг хулосасида қайд этилишича, жамият махсус рухсатномасиз ва муддати ўтган дори воситалари реализацияси билан шуғулланган 63 турдаги дори воситаларининг яроқлилик муддати ўтган, сақлаш шароитига амал қилинмаган, икки турдагисининг мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаган, тўққиз турдаги дорилар эса давлат рўйхатидан ўтказилмаган. 

Ҳозирда, А.Н.нинг ушбу ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 186 (прим 3) - моддаси, 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech