09:05 (18.09.2025)
43
Ўзбекистонда ЎРИ билан касалланиш кўрсаткичлари эпидемик бўсағадан (кўп йиллик касалланиш кўрсаткичидан) 36,5 фоизга пастлиги кузатилмоқда.
Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси хабар берди.
Россия ва қўшни мамлакатларда ўткир респиратор инфекцияларнинг (ЎРИ) сезиларли мавсумий кўтарилиши фонида авиақатновлар, меҳнат миграцияси, хизмат сафарлари орқали касалликнинг четдан кириб келиши ва тарқалиш хавфи мавжуд.
Ўзбекистонда ўткир респиратор инфекциялар бўйича эпидемик вазият мунтазам назорат қилиб борилмоқда. Грипп ва ЎРИ вирусларининг айланишини аниқлаш мақсадида вирусологик тадқиқотлар ўтказилмоқда.
Санэпидқўмита тасарруфидаги 15 та вирусология лабораторияларида грипп ва гриппга ўхшаш касалликларни ташхислаш амалга оширилмоқда. ЎРИ касалланиш кўрсаткичлари эпидемик бўсағадан (кўп йиллик касалланиш кўрсаткичидан) 36,5%га пастлиги кузатилмоқда, дея таъкидланади қўмита хабарида.
Мамлакатимизда касалланишни ёшма-ёш таҳлил қилинганда энг юқори кўрсаткич 0 - 1 ёшдаги болалар ўртасида учрамоқда.
Ҳозирги вақтда республикада грипп ва ЎРИ бўйича эпидемик вазият барқарор ва Санэпидқўмита томонидан назоратга олинган.