09:00 (26.02.2026)
50
Америкалик олимлар гриппнинг барча турлари, шамоллаш, ўпка бактериал инфекциялари ва ҳатто айрим аллергия турларидан ҳимоя қилиш имконига эга бўлиши мумкин бўлган янги бурун спрейи шаклидаги вакцинани ишлаб чиқди.
Stanford University тадқиқотчилари универсал вакцинани аллақачон ҳайвонларда синовдан ўтказган ва яқин вақтда инсонлар иштирокидаги синовларни бошлашни режалаштирмоқда.
Ушбу янгилик тиббиёт оламида сўнгги 200 йил давомида вакциналар яратилиш тамойилини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин бўлган кескин бурилиш сифатида баҳоланмоқда.
Анъанавий вакциналар иммун тизимини муайян бир инфекцияга қарши курашишга “ўргатади”, масалан, қизамиқ ёки гриппга қарши эмлаш фақат битта вирусдан ҳимоя қилади. Science журналида баён этилган янги усул эса иммунитетни "ўргатишни" талаб қилмайди, бунинг ўрнига вакцина иммун ҳужайралари ўртасидаги ахборот алмашинуви механизмларини тақлид қилади.
Бурун спрейи кўринишидаги вакцина ўпкадаги макрофаг деб аталувчи оқ қон ҳужайраларини доимий шай ҳолатга келтириб қўяди. Натижада, организмга қандай инфекция киришга уринмасин, иммунитет тизими уни дарҳол қайтаришга тайёр туради.
Ҳайвонлар устида ўтказилган тажрибаларда вакцина тахминан уч ой давомида таъсир кўрсатган ва ўпкага кириб келаётган вируслар миқдорини 100 дан 1000 бараварга камайтирган.
Грипп вируслари ва коронавируслардан ташқари, вакцина шунингдек икки бактерияга — Staphylococcus aureus ва Acinetobacter baumannii қарши ҳам ҳимоя қилади. Ушбу бактериялар шифохона ичида юқадиган инфекцияларни келтириб чиқаради.
Микробиология ва иммунология профессори Бали Пулендраннинг сўзларига кўра, вакцина кенг қамровли иммун жавобни юзага келтиради ва аллергик реакцияларни, жумладан чанг таъсирида келиб чиқадиган астмани ҳам камайтириши мумкин.
Ҳозирча инсон организми янги вакцинага қандай жавоб қайтариши ва иммун тизими қанча вақт давомида юқори тайёргарлик ҳолатида сақланиши номаълум. Агар инсонларда ўтказиладиган клиник синовлар ҳам муваффақиятли якунланса, ишланма пандемиялар ёки мавсумий респиратор касалликлар авж олишининг дастлабки босқичларида қўлланилиши мумкин. Бу вирусли касалликлар оғир кечишини олдини олади, шунингдек тезроқ соғайишга ёрдам беради.