08:56 (16.01.2026)

67

Соғлиқка зарарли ичимликларнинг арзонлашиши юқумли бўлмаган касалликлар ва жароҳатларнинг кўпайишига олиб келади-ЖССТ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эълон қилган янги ҳисоботларда қайд этилишича, кўплаб мамлакатларда таркибида шакар сақловчи ичимликлар ва алкоголь маҳсулотларига доимий паст солиқлар уларни арзонлаштиради, натижада семириш, қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, саратон ва жароҳатлар кўпайишига хизмат қилади.

ЖССТ маълумотларига кўра, алкоголь маҳсулотлари ва таркибида қўшимча шакар бўлган ичимликларга солиқ солиш истеъмолни қисқартиришнинг энг самарали воситаларидан бири ҳисобланади. Чунки нархларнинг ошиши алкоголь ва шакар истеъмолини камайтириши, кечиктириши ёки ҳатто бутунлай олдини олиши мумкин.

«Тамакӣ маҳсулотлари, шакарли ичимликлар ва алкоголь каби товарларга солиқларни ошириш орқали ҳукуматлар зарарли истеъмолни камайтириши ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳаётий муҳим хизматлар учун қўшимча молиявий ресурсларни шакллантириши мумкин»,-деди ЖССТ Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус.

Ушбу ҳисоботлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатларга қаратилган янги ташаббуси доирасида эълон қилинди. Мазкур ташаббуснинг мақсади 2035 йилга қадар тамакӣ маҳсулотлари, алкоголь ва шакар сақловчи ичимликларнинг реал нархларини ошириш учун солиқ тизимларини кучайтириш ва қайта кўриб чиқишдан иборат.

Хулосалар 2024 йилда 150 дан ортиқ мамлакатда пиво, кучли алкоголь ичимликлари ҳамда таркибида қўшимча шакар бўлган ичимликлар нархлари ва солиқ ставкалари таҳлилига, шунингдек, тахминан 180 мамлакатдаги солиқ сиёсатини кўриб чиқиш натижаларига асосланган. Шунингдек, ЖССТ 2024 йил маълумотларини 2022 йил кўрсаткичлари билан солиштириб, ўзгаришлар динамикасини таҳлил қилган.

Алкоголь истеъмоли дунё бўйлаб 200 дан ортиқ соғлиқ муаммолари учун асосий хавф омили ҳисобланади. Улар қаторига онкологик касалликлар, шунингдек, депрессия, хотира бузилишлари ва алкоголь истеъмоли билан боғлиқ бошқа кўплаб хулқ-атвор муаммолари киради. ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили алкоголь билан боғлиқ касалликлар оқибатида 2,6 миллиондан ортиқ киши вафот этади.

ЖССТ аниқлашича, 2022 йилдан буён пиво ва кучли алкоголь ичимликлари ё арзонлашган, ёки аввалги нарх даражасида қолган. Бунинг асосий сабаби солиқ ставкаларининг инфляцияга мос равишда мунтазам равишда янгиланмаслигидир.

Шакар қўшилган ичимликлар, жумладан газли ичимликлар ва мева шарбатлари, семириш, тиш кариеcи ҳамда қатор сурункали касалликлар — жумладан саратон, қандли диабет ва юрак-қон томир муаммолари хавфини оширади.

Гарчи 116 та мамлакатда шакарли ичимликларнинг айрим турларига, жумладан газли ва энергетик ичимликларга солиқ солинса-да, аксарият давлатлар таркибида шакар миқдори юқори бўлган бошқа маҳсулотлар — хусусан, мева шарбатлари, ширин сутли ичимликлар, шунингдек тайёр қаҳва ва чой ичимликларини солиққа тортмайди.

Шакарли ичимликларга солиқ жорий этилган 116 мамлакатдан фақат 10 таси ушбу солиқлардан тушган маблағларни мақсадли равишда соғлиқни сақлаш соҳасидаги дастурларга йўналтиради.

ЖССТ мамлакатларни:

- алкоголь ва шакарли ичимликларга солиқ ставкаларини инфляцияга мос равишда оширишга,
- солиқни қўшимча шакар ва алкоголь миқдорига боғлашга,
- солиқ тушумларини профилактика, даволаш ва соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлашга йўналтиришга,
- 2035 йилга қадар ушбу маҳсулотларнинг реал нархини сезиларли даражада оширишга чақирмоқда.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech