12:00 (23.06.2025)
432
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қонунга хилоф равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган Д.Р. ва турмуш ўртоғи Б.У. “Onix” русумли автомашинасида ҳеч қандай ҳужжатсиз 16 турдаги 1 174 дона дори воситаларини Қўрғонтепа тумани ҳудудидаги дорихонага ўтказиш мақсадида олиб кетаётган вақтида ушланиб, давом этган тадбирда уларнинг яшаш хонадони ҳамда уларга дори воситаларини етказиб берган “Ж.О.” МЧЖдан хорижда ишлаб чиқарилган 2 841 дона умумий баҳоси 427,8 млн сўмлик сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, Департаментнинг Нурафшон шаҳри бўлими ва Божхона ходимлари ҳамкорлигида тиббий буюмлар ва дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.А.нинг бошқарувидаги “Cobalt” русумли автомашинаси ҳамда яшаш хонадонидан республика ҳудудига айланма йўллар орқали сотиш мақсадида олиб келинган 36 турдаги тегишли ҳужжатлари бўлмаган умумий баҳоси 311,1 млн сўмлик тиббий буюмлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.