14:47 (30.04.2025)

84

Сенаторлар электрон сигареталар савдосини тақиқлаш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Сенат аъзолари қонун аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга, миллат генофондини сақлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мамлакатда аҳоли ўртасида, айниқса болалар ва ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, шу жумладан тамаки маҳсулотлари тарқатилишининг ва истеъмол қилинишининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Сўнгги йилларда тамаки маҳсулотларининг янги турларини, хусусан, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан электрон сигареталарни қонунга хилоф равишда мамлакатга олиб кириш ҳамда муомалага киритиш ҳоллари кўпаймоқда.

Шу муносабат билан, тамаки маҳсулотларининг, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларининг, шу жумладан электрон сигареталарнинг ва улар учун суюқликларнинг муомаласини мамлакатимиз ҳудудида тақиқлаш, уларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, шунингдек, тамакини қиздириш тизимларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш учун жавобгарлик белгилаш зарурати юзага келмоқда.

Қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотларини, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан электрон сигареталарни ва улар учун суюқликларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек олиб кириш ва олиб чиқиш учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторлар томонидан Қонун аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишга, миллат генофондини сақлашга ҳамда атроф муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech