11:00 (02.12.2025)
82
Президент Шавкат Мирзиёев 1 декабр куни соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт ва космос соҳаларида сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар тақдимоти билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг октябрь ойида қабул қилинган “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан юртимизда бу борада зарур инфратузилма барпо этиш ҳамда кадрлар тайёрлаш учун барча шароитлар яратилди.
Жумладан, 2030 йилгача стратегия тасдиқланиб, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида тегишли марказ очилди. Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш учун зарур ҳисоблаш инфратузилмаси барпо қилинмоқда. Жумладан, АҚШнинг “Nvidia” компанияси билан ҳамкорликда супер компьютер кластерини ишга тушириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Тиббиёт соҳасида сунъий интеллект бўйича 5 та лойиҳа жорий қилинмоқда. Хусусан, инсульт, кўкрак саратонини сунъий интеллект ёрдамида аниқлаш орқали диагностика вақти 80 фоизга тежалиб, ҳаёт учун хавфли ҳолатлар барвақт аниқланмоқда.
Президентимиз бу етарли эмаслиги, сунъий интеллект ёрдамидаги диагностикани ишлатиш мумкин бўлган касалликлар турини янада кенгайтириш зарурлигини қайд этди.
Шу муносабат билан хорижий ҳамкорлар билан биргаликда республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида жигар, ўпка ва простата бези саратони, инфаркт ва мураккаб суяк синишларини диагностика қилишда тиббий суратларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш тизимларини жорий этиш режалаштирилган.