12:00 (17.06.2025)
68
Республика бўйича 200 дан ортиқ дорихоналар 2,6 млрд. сўмдан ортиқ асоссиз даромад олганлиги аниқланиб, уларни қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрилди, дея хабар бермоқда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати.
Қўмита томонидан “Fair tech” ягона ахборот тизими орқали дорихоналарда дори воситаларини сотишда белгиланган савдо устамаларига риоя этилмаганлиги ҳолатлари ўрганиб борилмоқда.
Ягона ахборот тизими орқали келиб тушган хабарлар бўйича 2025 йилнинг ўтган даври давомида олиб борилган ўрганишларда 225 та дорихонада 62 704 та ҳолатда дори воситаларнинг савдоси бўйича 2,6 млрд. сўм асоссиз даромад олинганлиги аниқланди ҳамда белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, маблағларни қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Жумладан, улгуржи савдода:
- 1744 та ҳолатда -“EVRO FARM BIZNES” МЧЖ ХК;
- 1695 та ҳолатда - “TAR PHARM ALLIANCE” МЧЖ;
- 5191 та ҳолатда - “GARMONIYA FARM” МЧЖ.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, нархларни асоссиз ошириш аломатлари бўйича “GARMONIYA FARM”, “EVRO FARM BIZNES” ҳамда “TAR PHARM ALLIANCE” МЧЖларга нисбатан Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилди.
Хабарда, Рақобат қўмитаси дори воситаларини улгуржи ва чакана реализация қилувчи тадбиркорларни дорихоналарда рецепт билан бериладиган дори воситалари белгиланган нархларига риоя этилмай сотилган тақдирда чора кўрилиши ҳақида огоҳлантириб ўтади.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 октябрдаги ПҚ-411-сон қарорига асосан, Солиқ қўмитаси ва Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази электрон тизимлари интеграцияси натижасида Рақобат қўмитасига дори воситалари нархлари оширилгани ҳақида хабарлар автоматик равишда онлайн келиб тушиши йўлга қўйилган.