09:00 (28.11.2025)
297
Ўтган йил сентябрь ойида Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари дори воситаларининг маркировка кодлари бўйича ахборот алмашиш тўғрисидаги битимни имзолаган эди. Ушбу қадам ҳар икки мамлакат фармацевтика соҳасининг ривожланишида муҳим босқич сифатида баҳоланиб, бугунги кунда амалдаги илк натижаларини кўрсатмоқда.
Битим дори воситаларини трансчегаравий етказиб беришни соддалаштириш ва миллий тизимлар — Россиянинг Честьнй Знак ва Ўзбекистоннинг Asl Belgisi тизимида рўйхатдан ўтган рақамли кодларни ўзаро тан олиш учун технологик асос яратишга қаратилган.
Янги механизмни амалда синовдан ўтказиш мақсадида Россиядан Ўзбекистонга маркировкаланган дори воситаларининг биринчи сигнал партияси етказилди. Божхона назоратидан ўтказилгандан сўнг препаратлар эркин муомалага киритилди ва уларнинг кодлари Asl Belgisi тизими томонидан муваффақиятли тарзда тан олинди.
Импортчи “Астор Альянс” компанияси дори воситаларини Ўзбекистон дорихона ташкилотларига етказиб берди, дея хабар бермоқда Podrobno.uz. Барча босқичларда – чегарадан ўтишдан тортиб дорихона расталарига жойлаштиришгача – маҳсулот ҳаракатини тўғри ва узлуксиз кузатиш амалда тасдиқланди.
Синов натижаларига кўра, “Честный знак” тизимида қўлланилган кодларни тан олиш механизми тўлиқ йўлга қўйилган ва фармацевтика бозорининг барча иштирокчилари учун фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилган.
Шу билан бирга, миллий маркировка тизими Asl Belgisi операторы — CRPT TURON мутахассислари маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дори воситаларини етказиб бериш жадвалларини шакллантирмоқда. Ушбу препаратлар ҳам Россия Федерацияси ҳудудида кодларни тан олиш жараёнидан ўтказилади.
Маркировка кодларини ўзаро тан олиш давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайди, маркировкаланмаган ёки қалбаки дори воситалари айланмаси хавфини камайтиради ҳамда дори воситалари сифатини самарали назорат қилиш имконини беради. Ракамли кузатув тизими аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва фармацевтика бозорида ҳалол рақобатни ривожлантиришнинг муҳим воситасига айланмоқда.
Шу билан бирга, янги тартиб фақат рақамли кодларни тан олиш жараёнига тааллуқли бўлиб, бозор иштирокчиларини давлат томонидан белгиланган мажбурий талаблардан озод этмайди. Ўзбекистон ва Россия қонунчилигида назарда тутилган рўйхатдан ўтказиш, экспертиза, сертификатлаштириш ва бошқа барча тартиб-таомиллар ўз кучида қолади.