09:08 (29.04.2026)

132

Британиялик 500 минг кўнгиллининг тиббий маълумотлари Хитойнинг Alibaba платформасида сотувга қўйилди

Буюк Британиянинг UK Biobank лойиҳаси иштирокчиларидан олинган тиббий маълумотлар атрофидаги вазият жамоатчилик эътиборини тортди. UK Biobank — дунёдаги энг йирик биологик, тиббий ва хулқ-атворга оид маълумотлар базаларидан бири бўлиб, унда юз минглаб кўнгиллилар соғлиғига оид маълумотлар йиғилган. Ушбу база бутун дунё олимлари томонидан турли илмий тадқиқотларда фойдаланилади.

Буюк Британиянинг рақамли технологиялар бўйича вазири Иан Мюррей билдиришича, 20 апрель куни ҳукуматга UK Biobank маълумотлари Хитойдаги Alibaba электрон савдо платформаларида бир нечта эълон орқали сотувга қўйилгани ҳақида хабар берилган.

Маълум қилинишича, мазкур маълумотлар орасида иштирокчиларнинг исмлари, манзиллари, телефон рақамлари ва бошқа шахсий идентификация қилувчи маълумотлар мавжуд эмас.

«Учта эълон аниқланган бўлиб, уларда UK Biobank иштирокчиларининг маълумотлари сотилаётгандек кўринади. Камида битта тўпламда 500 000 нафар барча кўнгиллиларнинг маълумотлари мавжуд бўлиши мумкин», — деди у.

Ҳукумат маълумотлар сотувчи билан боғланиб, эълонлар олиб ташлангунга қадар ҳеч қандай харид амалга оширилмаганини маълум қилди. Шу билан бирга, Буюк Британия ҳукумати Хитой томони ва платформа маъмурияти билан ҳамкорлик қилиб, эълонларни тезкор равишда ўчиришга эришган.

UK Biobank раҳбари сэр Рори Коллинз иштирокчиларга йўллаган мурожаатида ушбу ҳолат учун узр сўраб, шахсий маълумотлар хавфсиз сақланаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, ушбу воқеадан сўнг тизим хавфсизлигини янада кучайтириш бўйича қўшимча чоралар кўрилмоқда.

Ҳозирда UK Biobank тадқиқот платформасига кириш вақтинча тўхтатилган бўлиб, маълумотларни юклаб олиш имкониятлари қатъий чекланмоқда.

Ташкилот маълумотига кўра, маълумотлар қонуний асосда учта илмий муассаса тадқиқотчиларига берилган, аммо кейинчалик улар ташқи савдо платформасида пайдо бўлган. Бу ҳолат шартнома шартларини бузиш сифатида баҳоланса-да, ташкилот томонидан маълумотлар ўғирланмагани таъкидланмоқда.

UK Biobank — бу тиббий тадқиқотлар учун катта аҳамиятга эга платформа бўлиб, унинг маълумотлари генетика, касалликларнинг олдини олиш ва жамоат саломатлигини яхшилаш йўналишларида фаол қўлланилади. 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech