15:30 (30.10.2025)
48
Дунё миқиёсида ҳар дақиқада бир киши иссиқ ҳаво туфайли вафот этмоқда. Глобал исиш билан боғлиқ ўлим даражаси 1990-йиллардан буён 23%га ошган.
Бу ҳақда The Lancet Countdown ҳисоботида хабар берилди.
The Lancet Countdown – Лондон университети колледжи ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳамкорлигида тайёрланган ҳисоботдир. Унда мутахассислар иқлим ўзгариши аҳоли саломатлигига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида маълумот беришади.
Ҳисоботда айтилишича, агар дунё етакчилари сиёсатини ўзгартирмаса ва нефть компаниялари янги конларни ишлаб чиқаришни давом эттирса, иқлим ўзгариши оқибатлари янада ёмонлашади. Сайёрамизнинг қазиб олинадиган ёқилғига қарамлиги ҳавонинг ифлосланишига, ўрмон ёнғинларига ва касалликларнинг тарқалишига олиб келади.
2012 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда дунё бўйлаб ҳар йили ўртача 546 000 киши ҳаво исиши оқибатида вафот этган. "Бу ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли кўрсаткич ва у ўсиб бормоқда", деди Сидней университети профессори Олли Жей.
Сўнгги тўрт йилда инсон йилига ўртача 19 кун ҳаётига хавф туғдирадиган иссиқлик таъсири остида қолган. Агар инсон фаолияти сабаб юзага келаётган глобал исиш бўлмаганида, бу фақат 3 кунни ташкил этган бўлар эди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, глобал исиш нафақат инсон саломатлиги, балки меҳнат унумдорлиги ва иқтисодий барқарорликка ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Тадқиқот муаллифлари барча давлатларни тез фурсатда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга ўтиш, шаҳар инфратузилмасини иссиқ иқлимга мослаштириш, ҳамда экологик тоза маҳсулотлардан ташкил топган рационни кенг жорий этишга чақирмоқда.