09:25 (26.12.2025)

85

Япония Ўзбекистондаги қон хизматлари модернизацияси учун 2,3 млн доллар ажратади

Япония Иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастури доирасида Ўзбекистонга 14 та қон маркази ва учта қон қуйиш станцияси учун 2,3 млн долларлик янги ускуналар етказиб беради. Бу ихтиёрий донорлардан тайёрланган қон маҳсулотлари улушини ошириши ва тиббий хизматлар сифатини яхшилаши кутилмоқда.

17 декабрь куни Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров ва Япониянинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Накамура Шиничиро 360 млн иена (2,3 млн доллардан ортиқ) қийматидаги Иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастури бўйича алмашинув ноталарини имзолади. Бу ҳақда Япония элчихонасига таяниб, Gazeta нашри маълум қилди.

Дастур доирасида Ўзбекистон бўйлаб 14 та минтақавий қон марказлари, шунингдек, миллий клиникалардаги учта қон қуйиш станциялари қонни сақлаш ва ташиш учун замонавий ускуналар билан жиҳозланади.

«Лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакатнинг донор қонига бўлган ортиб бораётган эҳтиёжини қондиришга ва ихтиёрий донорлик орқали олинган қондан ишлаб чиқарилган препаратлар улушини оширишга ёрдам беради», — деб таъкидлади элчихона.

Дастур Япония ҳукуматининг грант ёрдами доирасида амалга оширилади.

Дипломатик миссия яқинда Токиода бўлиб ўтган биринчи «Марказий Осиё — Япония» саммитида соғлиқни сақлаш ва тиббий хизматлар ҳамкорликнинг устувор йўналиши сифатида белгиланганини таъкидлади. «Япония ҳукумати Ўзбекистонда юқори сифатли тиббий хизматлардан фойдаланишни яхшилашни давом эттириш ниятида», — деб қўшимча қилди элчихона.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech