09:00 (29.10.2025)
48
Қалқонсимон без, кўкрак, йўғон ичак, буйрак ва эндометриоз саратони касалликларини ташхислаш бутун дунё бўйлаб тобора ортиб бормоқда, йўғон ичак саратони 50 ёшгача бўлган одамларда энг тез ривожланмоқда.
Янги глобал тадқиқот шуни кўрсатдики, дунё бўйлаб ёшлар орасида саратон касалликлари сони ортиб бормоқда ва бу ўсишнинг катта қисми семириш билан боғлиқ. Касалликнинг кўпайиши фақат 50 ёшгача бўлган одамлар билан чекланиб қолмайди; ўсиш тенденциялари ёши катта авлод вакиллари орасида ҳам кузатилмоқда.
Annals of Internal Medicine журналида чоп этилган тадқиқотда 2003 ва 2017 йиллар оралиғида беш қитъадаги 42 мамлакатдан олинган саратон маълумотлари ўрганилди. Тадқиқотчилар ёшлар ўртасида кўпайиб бораётган 13 турдаги саратон касаллигини таҳлил қилишди.
Олинган натижалар шуни тасдиқлайдики, айрим саратон турлари ҳақиқатан ҳам 20 ёшдан 49 ёшгача бўлган катталар орасида кўпроқ тарқалмоқда. Буларга қалқонсимон без, кўкрак бези, йўғон ичак, буйрак, эндометрииз ва лейкемия саратонлари киради - тадқиқот олиб борилган мамлакатларнинг тўртдан уч қисмида ушбу саратон турлари ошган.
Қалқонсимон без саратони кескин ўсишни кўрсатиб, йиллик ўртача 3,57 фоиз ўсишни ташкил этди, ундан кейин буйрак саратони (2,21 фоиз) ва эндометриоз саратони (1,66 фоиз) келади. 50 ёшгача бўлган катталар орасида йўғон ичак саратони йилига ўртача 1,45 фоизга ошган. Кўпчилик саратон турларида ўсиш ёшлар ва катталарда ҳам кузатилса-да, йўғон ичак саратони бундан мустасно бўлган. Мамлакатларнинг қарийб 70 фоизида янги ташхислар сони кекса одамларга қараганда ёшлар орасида кўпроқ ошган.
Тадқиқот муаллифлари қайд этишларича, бир неча турдаги саратон сонининг ошиши муайян умумий сабаблар билан боғлиқ. Бу омилларга ортиқча вазн муаммосининг ортиши, овқатланишдаги ўзгаришлар ва антибиотиклардан фойдаланиш киради.
50 ёшгача бўлган одамлар орасида айрим саратон касалликлари тез суръатлар билан ўсиб бораётганига қарамай, умумий касалланиш даражаси катта ёшдагилар орасида анча юқори бўлиб қолмоқда. Масалан, Қўшма Штатларда 2022-йилда тахминан, 50 ёшгача бўлган 50 000 аёлга кўкрак бези саратони ташхиси қўйилган, 50 ёшдан ошган аёллар орасида эса бу кўрсаткич 210 000 дан ошган.
Тадқиқотчилар касаллик кўпайиши сабабларини аниқлаш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказиш зарурлигини таъкидлади.