12:15 (05.09.2025)
73
Янги тадқиқот натижаларига кўра, аёллар Альцгеймер касаллигига нисбатан кўпроқ заиф бўлиши мумкин. Бу ҳолат организмдаги ёғ моддалари миқдори билан боғлиқ экани таъкидланмоқда.
Alzheimer’s & Dementia журналида эълон қилинган тадқиқотда маълум бўлишича, Лондондаги Қироллик коллежи тадқиқотчилари Европанинг олти давлатида яшовчи 841 нафар фуқаронинг қон намунасини таҳлил қилди. Тадқиқот натижаларига кўра, Альцгеймер касаллигига чалинган аёллар организмда омега ёғ кислоталарини ташувчи липопротеинлар концентрацияси анча паст, тўйинган ёғ моддалари даражаси эса юқори экани аниқланди.
Мутахассислар ушбу фарқни аёллар орасида Альцгеймер касаллиги учраш тезлиги нега эркакларга нисбатан деярли икки баробар юқори эканига эҳтимолий изоҳ сифатида келтирмоқда. Уларнинг таъкидлашича, тадқиқот натижалари Альцгеймер касаллигининг келиб чиқиш механизмларини чуқурроқ англаш ва жинсга хос профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Аёллар ўртасида Альцгеймернинг олдини олишнин бир усули — рационда етарлича омега-3 моддаси бўлишидир, масалан, ёғли балиқ ёки қўшимчалар орқали миқдорни тўлдириш мумкин.