11:12 (17.04.2026)

40

Ташаббус: GxP текширувларида янги йўналиш

“Дори-Дармон” акциядорлик компаниясининг анжуманлар залида, компаниянинг фармацевтлари билан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг “Зарур амалиётлар маркази” давлат муассасаси, Инсон ресурсларини бошқариш бўлими бошлиғи Хабиб Азиза Абдулборий қизи ва Сертификация бўлими етакчи мутахассиси тиббиёт фанлари номзоди Турсунова Малика Раббимқул қизи ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистоннинг бир асрлик тарихга эга бўлган отахон компанияси тажрибали фармацевтларини Марказ томонидан GхP текширув жараёнларига жалб қилиш, шунингдек, GхP тизимнинг аҳамияти ва талаблари ҳақида тушунча беришдан иборат бўлди.

Мутахассислар GxP стандартларининг фармацевтика соҳасида тутган ўрни, дори воситаларининг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлашдаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумот бердилар. GxP талабларига риоя қилиш — бу нафақат халқаро стандартларга мослашиш, балки аҳолига етказилаётган дори воситаларининг сифатини ва ишончлилигини кафолатлаш демакдир.

Шунингдек, GxP тизимини жорий этиш ҳар бир компаниянинг фаолияти самарадорлигини оширишга, назорат тизимини мустаҳкамлаш ва халқаро бозорда рақобатбардошликни кучайтиришга хизмат қилиши  таъкидланди.

Марказ мутахассислари томонидан “Дори-Дармон” компанияси фармацевтларини GxP текширувларига жалб этиш ташаббуси бежиз эмаслиги, компания тизимида иш жараёнлари самарали ва тўғри йўлга қўйилгани, фармацевтларнинг халқаро стандартлар, хусусан GDP (яхши дистрибьюторлик амалиёти) ва GPP (яхши дорихона амалиёти) талабларини чуқур билиши амалда ўз исботини топганлиги қайд этилди.  Хусусан, компания таркибидаги дорихоналар томонидан GPP сертификатини олиш жараёнида фармацевтларнинг билим ва кўникмалари, иш юритишдаги аниқлик ва масъулияти юқори даражада эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Фармацевтларни GxP текширувларига жалб этиш орқали соҳадаги илғор тажрибани кенг жорий этиш, текширувлар самарадорлигини ошириш ҳамда фармацевтика тармоғида ягона стандартлар ижросини таъминлаш,  қолаверса компания фармацевтлари билимини янада ошириш мақсад қилинган.

Қизғин суҳбатларга бой бўлган ушбу учрашув якунида “Зарур амалиётлар маркази” мутахассислари компания фармацевтлари томонидан берилган саволларга асосли ва тўлиқ жавоблар беришди, шунингдек учрашув қатнашчилари келгусида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва фармацевтика соҳасидаги стандартлар талаблари ижросини таъминлаш юзасидан ўзаро келишиб олдилар.

 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech