14:51 (28.04.2025)
370
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияси аъзоси, депутат Гулнора Абдувоҳидова сўнгги вақтларда хусусий клиникаларда ўлим билан боғлиқ ҳолатлар кўп кузатилаётганлиги боис Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Ҳудаяровга депутатлик сўрови юборди.
Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, депутат ўз сўровида, хусусий шифохоналарда тиббиёт ходимларининг ўз вазифаларини лозим даражада бажарилмаслиги ёки нотўғри ташхис ва муолажа сабабли беморлар ўлими йилдан йилга ошиб бораётганлигини таъкидлаб ўтган (2023 йилда – 67 нафар, 2024 йилда – 94 нафар, 2025 йилнинг биринчи чорагида – 16 нафар).
Шунингдек, депутатлик сўровида Соғлиқни сақлаш вазирлигига "Хусусий тиббиёт муассасаларида ушбу нохуш ҳолатлар кўпайишининг асл сабаблари нимада ва уларнинг олдини олиш бўйича вазирлик томонидан қандай чоралар кўрилмоқда?", "Хусусий клиникаларда рўй берган ҳар бир инсон ўлими, ногиронлик ёки соғлиққа жиддий зарар етказиш ҳолати вазирлик томонидан таҳлил қилинганми ва уларнинг такрорланмаслиги учун қандай амалий ишлар қилинган?", "Хусусий тиббиёт муассасаларида муолажаларнинг тўғри қўлланилиши ва тасдиқланган тиббий протоколларга амал қилиниши устидан тизимли назорат механизми мавжудми?", "Бу борада қандай аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?", "Вазирлик аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида хусусий клиникалар учун лисензия талаблари ва шартларини қатъийлаштириш бўйича қандай таклиф ва ташаббусларни илгари суришни режалаштирмоқда?" - каби саволлар берилган.
Депутат Абдувоҳидова «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунининг 15-моддасига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазиридан юқоридаги саволларга 10 кун муддат ичида асослантирилган жавоб беришни сўраган.