11:42 (15.07.2025)
82
"Ўзбекистон президентининг айрим ҳужжатларида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вазифа ва функциялари ўзгариши муносабати билан ҳукумат айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади:
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ташкилий тузилмаси, асосий вазифалари, функциялари ва фаолиятини қайта кўриб чиқиш;
Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси билан боғлиқ тартиб ва мезонларни қайта кўриб чиқиш.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низомга кўра, агентлик фармацевтика саноати барқарор ривожланиши учун жавобгар бўлган ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Агентлик ўз фаолиятини республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таркибий бўлинмалари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.
Агентлик тизимига қуйидагилар киради:
- марказий аппарат;
- Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти;
- Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти;
- «Шарқ табобати» илмий-тадқиқот институти;
- Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ривожлантириш дирекцияси давлат муассасаси;
- «Зарур амалиётлар маркази» давлат муассасаси;
- Фармацевтика техник университети давлат муассасаси;
- Pharm Service давлат муассасаси.
Қуйидагилар агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
- фармацевтика ва косметика маҳсулотлари ҳамда биологик фаол қўшимчалар саноатини ривожлантириш, фармацевтика тармоғини, жумладан, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини жорий этиш йўли билан барқарор ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- фармацевтика ва косметика маҳсулотлари, биологик фаол қўшимчалар ва доривор ўсимликлар бозори конюктурасини ўрганиш, аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг ушбу маҳсулотлар билан таъминланганлик ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, унинг асосида ички бозорни янада тўлдириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
- тармоқ корхоналарига етакчи хорижий фармацевтика ва косметика маҳсулотлари, биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорликни йўлга қўйишда, шунингдек, уларга рақобатбардош, юқори сифатли маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришда кўмаклашиш;
- тармоқ корхоналарига илғор хорижий амалиёт ва халқаро стандартларни татбиқ этишга кўмаклашиш, шунингдек, ушбу ишларни мувофиқлаштириш;
доривор ўсимликлар ва улардан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг тиббий аҳамиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда ушбу йўналишдаги ишларни ташкил қилиш;
- тармоқ йўналишидаги илмий-тадқиқот ишлари олиб борилишини ташкил этиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштиришда кўмаклашиш;
маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ҳудудий фармацевтика корхоналарининг инвестиция лойиҳаларини мониторинг қилиш ва ҳисобини юритиш;
- фармацевтика соҳасини рақамлаштириш ва ахборот дастурларини жорий этиш.
Лойиҳа билан танишиб, ўз таклифларингизни қолдиринг.